"Қозоғистон демократик партияси" ҳаракати етакчиси Жанболат Мамай ва қочоқ мухолифатчи Мухтор Аблязов сўнгги кунларда норозилик митингига чақирмоқда.
Митинг учун Алматида 300 га яқин одам тўпланди. Кўпчилик Хитойга қарши шиорлар ёзилган плакатлар кўтариб олганди. Намойишчилар Хитой томонидан Қозоғистонда 56 та фабрика қурилишига қарши чиқиб, хорижликларга ер сотмасликни, шунингдек Шинжонда этник қозоқлар таъқиб қилинишини тўхтатишни талаб қилган. Исталган киши қўлбола трибунага кўтарилиб, нутқ сўзлай оларди. Намойиш тахминан уч соат давом этди.
Ҳаракат расмийлар билан мувофиқлаштирилди, шунга қарамай, айрим фаоллар майдонга кетаётган пайт йўлда қўлга олинди. “Настоящее время” мухбири Ернур Досжановнинг айтишича, 10 га яқин одам “автозак”ка юкланиб, полиция бўлимига олиб кетилган. Норозилик намойиши бўлиб ўтган ҳудуд олдиндан қуршаб олинган, одамлар фақат ҳарорат ўлчангандан сўнг ўтишига рухсат берилган, интернетга бу ерда ҳатто VPN орқали ҳам уланиш имконияти мавжуд бўлмаган.
Аблязов мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам шунга ўхшаш митинглар бўлишини эълон қилди. У ўз тарафдорларини сиёсий маҳбусларни озод қилишни ва Европа парламенти резолюциясини амалга оширишни талаб қилишга чақирди.
“Радио Азаттык” Актобеда бир неча киши ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди
Нур-Султанда полиция цирк биносига яқин жойда камида икки кишини қўлга олди, цирк атрофидаги майдон митинг ўтказиладиган жой сифатида кўрсатилганди. Цирк атрофидаги ҳудуд қуршаб олинди, майдонга қор тозалайдиган техника келтирилди.
Шымкентда полиция камида икки кишини қўлга олди. Марказий паркда тўпланган бир неча киши ўз талабларини эълон қилишга улгурди.
Уральскда камида икки фаол қўлга олинди – аввалроқ улар митинг ўтказиш учун ариза берганди. Яна бир неча киши уларнинг уйида полиция навбатчилик қилганини маълум қилди.