Аммо, оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, «Толибон» Хитой билан чегарани назоратга олгани сабабли Пекин Шарқий Туркистон мусулмонларини қўллаб-қувватлашидан ҳам хавотирда.
Делегация вакили Пекинни «Толибон» Афғонистон ҳудудидан Хитойга қарши ҳеч кимга фойдаланишга рухсат бермаслигига ишонтирди. Reuters фикрича, афғон ичи можаросида қандай бурилиш бўлишидан қатъий назар, Тянцзиндаги учрашув «Толибон» нинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга ёрдам берди.
Барадарнинг Хитойга ташрифидан олдин Ван И ва Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Hindustan Times маълумотига кўра, унда томонлар америкаликларнинг Афғонистондан олиб чиқилиши натижасида бутун минтақанинг беқарорлашувига йўл қўймаслик учун биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олган. Келишувда томонлар «Толибон»ни мамлакат сиёсий ҳаётининг асосий оқимига қайтариши назарда тутилган. Шунингдек, улар ҳукумат ва «Толибон» ўртасида воситачи сифатида ҳаракат қилишга ваъда берган.
Ван И ўшанда Хитой ва Покистон террорчиликка қарши биргаликда курашиши, Афғонистонни яна террорчилар учун «иссиқхона»га айлантиришига йўл қўймаслиги ва «Шарқий Туркистон Исломий ҳаракати» – ETIM каби террорчи ташкилотларини қатъият билан бостиришини изоҳлаган. БМТ ҳисоботига кўра, бу ҳаракат Шинжонда уйғур давлати тузиб, Афғонистондан Хитойга жангарилар жўнатмоқчи. Уларнинг сони бир неча юз киши бўлиб, улар Афғонистоннинг шимоли-шарқида Бадахшон вилоятидан қўним топган.
«НГ» билан суҳбатда Олий иқтисодиёт мактаби халқаро муносабатлар бўлими раҳбари Александр Лукиннинг айтишича: «Хитой аллақачондан бери «Толибон» билан музокаралар олиб боряпти. Бу ташкилотни қўллаб-қувватлаяптими ёки йўқми, айтиш қийин. «Толибон» Покистон разведкаси кўмагида ташкил қилинган. Покистон – Хитойнинг Жанубий Осиёдаги энг яқин ҳамкори. Шу сабабли табиийки, «Толибон» Хитойда террорчи ташкилот сифатида тан олинмаган – Россиядан фарқли равишда. Лекин Россия ҳам барибир улар билан музокаралар олиб боряпти.
Уммуан олганда, Хитой «Толибон»га ёмон муносабатда эмас. Афғонистонда барқарорлик ўрната олишларига умидлар бор. Бу мамлакатда хитойликлар пул сарфлаган корхоналар мавжуд. Уларни йўқотишни истамайдилар. Бундан ташқари, Афғонистондан исломий “таҳдид” чиқмоқда. Пекин афғон халқи ўз тақдирини ўзи ҳал қилиши керак демоқда. Агар ҳаммаси «Толибон» фойдасига ҳал бўлса, Хитой жуда хафа бўлади деб ўйламайман».
ETIM га келадиган бўлсак, «Толибон» қандай йўл тутиши ҳали номаълум. У илк бор ҳокимиятга келгач, Афғонистон чегараларидан ташқарига чиқиш, Халифалик қуриш тарафдори бўлган кучларни, масалан, «ал-Қоида»ни назорат қила олмади, дея эслайди эксперт. Ёки «Толибон» улар фаолиятига ҳисса қўшган, ёки уларни тўхтата олмаган, аммо ҳозир улар Хитой ва Россияга ҳамма билан ҳамкорлик қилишини ва радикалларнинг Афғонистонни тарк этишига йўл қўймаслигини айтмоқда.
«Аслида нима қилишлари номаълум. Ҳаракатдаги турли хил фракциялар мавжуд. У ерда ҳокимиятга ким келишини, мўътадил фракция ёки радикал фракция ғалаба қозонишини билмаймиз», - хулоса қилди Лукин.
Ҳозирча америка ҳарбий контингенти олиб чиқилганидан сўнг АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари афғон армиясини ҳаводан қўллаб-қувватлаши аниқ эмас. Сешанба ва чоршанба кунлари Ҳиндистонга ташриф буюрган, Бош вазир Нарендра Моди ва ташқи ишлар вазири Субраманиам Жайшанкар билан учрашган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бу масала юзасидан гапирмади. Бироқ News 18 сайтининг хабар беришича, Афғонистон мавзуси ҳиндлар билан муҳокамада сезиларли ўринни эгаллади. Қўшни мамлакатда жанговар ҳаракатлар Ҳиндистонга ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
Деҳли Блинкенга Покистон «Толибон» томонида жангларга аралашаётганини таъкидлади. Бошқача айтганда, Ҳиндистоннинг Вашингтонга берган хабари шуки, у афғон ишларидан қўлини ювиб, ўзини четга олмаслиги керак. Акс ҳолда минтақадаги тарози паллалари жаҳон саҳнасида АҚШнинг асосий рақобатчиси Хитой фойдасига оғади.