loader
Foto

«Толибон» Афғонистон шимолидаги Мозори-Шариф шаҳрини қўлга киритди

Маҳаллий депутат Абас Ибраҳимзада Балх қўлга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, барча маъмурий объектлар ва ҳукумат муассасалари, жумладан ҳокимлик идораси ҳозир «Толибон» назоратида.

Гувоҳларнинг хабар беришича, «Толибон» эрталабдан бери узоқ давом этган жанглардан сўнг шанба куни кечқурун шаҳарга кирган. Маълум қилишларича, улар Мозори-Шарифнинг Марказий қамоқхонасини назоратга олиб, ундан барча маҳбусларни озод қилишган.

Сўнгги кунларда ҳукумат кучларига маршал Абдурашид Дўстум ва Ато Муҳаммад Нур қўмондонлик қилди. Манбаларда айтилишича, улар шаҳар ҳудудини тарк этиб, хорижга чиқиб кетган бўлиши мумкин. Бироқ, бу маълумотлар ҳали расмий тасдиқланмади.

Айни пайтда «Толибон» Афғонистоннинг 34 та минтақавий марказидан 23 тасини назорат қиляпти. 14 август куни давомида жангарилар Фарёб маркази Маймана, Кунар вилояти маркази Асадобод, Пактика маркази Шаран қўлга олингани ҳамда Логар ва Бадахшон вилоятларини тозалаш ҳақида маълум қилди.