РИА Новости манбасининг сўзларига кўра, Ғани бу қарорни «Кобулда жанговар ҳаракатлар бўлиши мумкин эмас»лиги билан изоҳлади.
Агентлик, шунингдек, президент саройидаги манбанинг сўзларидан иқтибос келтиришича, Афғонистонда етакчилик масаласи «яқин 2-3 кун ичида ҳал бўлади».
Маълумки, Ғани Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ҳамроҳлигида Тожикистонга учиб кетган. Бу ҳақида «Азия-Плюс» ахборот агентлигига ҳукумат амалдори Сажжод Нуристоний маълум қилган.
Унинг қўшимча қилишича, Ғани Тожикистондан учинчи мамлакатга учиши керак, аммо қайси мамлакатга экани ҳозирча маълум эмас.
Ўтиш даври ҳукуматига собиқ ички ишлар вазири Али Аҳмад Жилали бошчилик қилди.
Аввалроқ «Толибон» Кобулни қуршаб олиб, бутун мамлакатнинг ўз назорати остига ўтганини эълон қилганди. Кейинчалик «Толибон» делегациясининг президент саройига музокаралар учун келиши ҳақида маълумотлар пайдо бўлди ва Афғонистон ички ишлар вазири Саттар Мирзаквал TOLO News телеканали эфирида пойтахтга бостириб кириш бўлмаслиги, ҳокимият ўзгариши тинч йўл билан амалга ошишини айтди.
Ғани Кобулдаги президент саройида радикал «Толибон» ҳаракати вакиллари билан музокаралардан сўнг президентлик ваколатларини топшириши маълум қилинди. Ҳокимиятни топшириш бугун, 15 август куни амалга ошиши керак.
Кобулда Али Аҳмад Жилолий «вақтинчалик президент» сифатида қолди.