«Толибон» ҳарбий комиссияси раҳбари Мулла Яқуб баёнот чиқариб, унда ҳеч қандай жангчиларга ҳеч кимнинг уйига, айниқса, Кобул шаҳрига киришга рухсат берилмаганини айтди.
Ушбу баёнот «Толибон» пойтахт аҳолиси уйларига рейдлар уюштиргани ҳақидаги тасдиқланмаган хабарлардан сўнг эълон қилинди.
Гуруҳ умумий амнистия эълон қилиб, барча ҳукумат хизматчиларини ишга қайтишга чақирди.
«Ҳамма учун умумий амнистия эълон қилинган... шундай экан, тўла ишонч билан одатий ҳаётингизни бошлашингиз керак», - дейди «Толибон».
Кобул мэри ва соғлиқни сақлаш вазири в.в.б. сешанба куни ишга қайтганлар орасида бўлди.
Афғонистон собиқ президенти Хамид Карзай ва собиқ бош вазир Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг қўшма видеоси чиқди. Улар мамлакатни тарк этмоқчи эмасликларини айтишди.
Бундан ташқари, «Толибон» аёлларни ўз ҳукуматига қўшилишга чақирган. «Толибон»нинг маданият бўйича комиссияси аъзоси Энамуллоҳ Саманганий мамлакат бўйлаб федерал даражадаги бошқарув ҳақида илк бор изоҳ берди.
«Ислом амирлиги аёлларнинг қурбон бўлишини истамайди», - дейди Самангани. «Улар шариат қонунларига мувофиқ ҳукумат таркибида бўлиши керак».
«Ҳукумат структураси ҳали тўлиқ аниқ эмас, лекин тажрибага асосланган ҳолда, бутунлай Исломий раҳбарият бўлиши керак ва барча томонлар қўшилиши керак», - деб қўшимча қилди у.
Умуман олганда, «Толибон» анъанавий тарзда «Толибон»нинг илк «қурбони» ҳисобланган турли гуруҳларни тинчлантириш учун ҳар томонлама ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Кобулда Ошуро кунига бағишланган шиа маросимларини ўтказишга рухсат берилди ва шиа раҳбарлари билан шахсий учрашувларда уларнинг хавфсизлиги кафолатланди. Бундан ташқари, «Толибон» Афғонистонда қолган сикх ва ҳинду жамоаларининг саноқли аъзолари билан ҳам худди шундай учрашув ўтказди.
Шу аснода, Вашингтонда АҚШ президенти Жо Байден нутқ сўзлаб, унда Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиш қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади. Унга кўра, Американинг вазифаси ҳеч қачон афғонларга демократик давлат қуришда ёрдам бериш бўлмаган (ниҳоят тан олинди). У «Толибон»га қаршилик кўрсата олмагани учун мамлакатнинг собиқ ғарбпараст раҳбариятини кескин танқид қилди. «Қароримни тўлиқ қўллаб-қувватлайман», - деди у Оқ уйдан телевидение орқали мурожаатида. «20 йилдан сўнг, мен Америка қўшинлари олиб чиқиш учун бундан яхши вақт ҳеч қачон бўлмаслигига аччиқ тажрибамда ишонч ҳосил қилдим».
Хитой «Толибон» билан «дўстона алоқалар»га тайёр эканини билдирди, Россия ва Эрон ҳам дипломатик қадамлар қўйди.
Халқаро миқёсда «Толибон»ни ғалаба билан Уммон муфтийси Аҳмад ал-Халилий ва ХАМАС раҳбари Исмоил Хания табриклади, у душанба куни «Толибон» раҳбари Абдул-Ғани Бародар билан телефон орқали гаплашди.