loader
Foto

Ислом дунёси Афғонистонда ҳокимият ўзгаришини ҳушёрлик билан қабул қиляпти

Аммо «Толибон»ни Фаластиннинг "Хамас" ҳаракати ва Уммон муфтийси табриклашга улгурди ва АҚШнинг минтақадаги мавжудлигига салбий муносабатда бўлган кучларнинг кайфиятини ифодалаб берди.

Саудия Арабистони «қардош афғон халқини ва ҳеч кимнинг аралашувисиз, мустақил равишда ўзи қиладиган танловни қўллаб-қувватлаши» ҳақида баёнот берди. Сешанба куни эълон қилинган қироллик ТИВ баёнотида «Толибон» ҳаракати ва барча афғон томонлари хавфсизлик, барқарорлик, ҳаёт ва мулкни ҳимоя қилиш устида ишлашига умид билдирди. Бу сўзлар саудиялик дипломатлар Кобулдан эвакуация қилинишга мажбур бўлган куннинг эртасига янгради. Афғонистон пойтахтини БАА дипломатлари ҳам тарк этди. Мамлакат ТИВ Афғонистонда «зудлик билан барқарорлик ва хавфсизликка эришиш зарур»лиги ва Афғонистондаги барча томонлар бу йўлда ҳаракат қилиши кераклиги таъкидланди.

Агар Ғарб дипломатларининг Кобулдан шошилинч эвакуация қилиниши ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаган бўлса, БАА ва Саудия Арабистони қарори саволлар уйғотиши мумкин.

Бундан чорак аср муқаддам ар-Риёд, Абу-Даби ва Исломобод «Толибон» ҳукмронлиги остидаги Афғонистон Ислом амирлигини (1996-2001 йилларда мамлакат айнан шундай деб аталган) тан олган кам сонли мамлакатлар бўлган. «Вақти келганда Покистон «Толибон» ҳукуматини халқаро консенсус, асосий воқеликлар, шунингдек, Покистоннинг миллий манфаатларига мувофиқ тан олади», - деди Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший якшанба куни. Шу билан бирга, у Покистоннинг Афғонистонда фаворитлари йўқлигини таъкидлади. Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳали ўзлари ҳам «Толибон»ни тан олиш ҳақида ҳатто шама қилгани ҳам йўқ.

Ар-Риёднинг хавотирлари «аш-Шарқ ал-Аусат» газетасида унинг собиқ муҳаррири, қоидага кўра, ҳукмрон элита фикрларини ифодалайдиган Абдулраҳмон ар-Рашиднинг мақоласида яққол кўзга ташланади. Унинг сўзларига кўра, Афғонистондаги воқеаларда то «Толибон» ҳукмрон структура сифатида реал иш бошламагунча аниқ бўлмайдиган кўплаб саволлар бор. Уларнинг орасида – «Толибон» билан АҚШ ўртасидаги муносабатлар масаласи. Жаноб ар-Рашиднинг фикрича, «Толибон» америкаликлар билан муросага интилиши эҳтимолдан холи эмас. Ар-Риёд учун яна бир муҳим масала – «Толибон» қуролланган «жиҳодчи» ҳаракат бўлиб қолаверадими, ўз чегараларидан ташқарида жанговар ҳаракатлар олиб борадими, жумладан, «Ислом Давлати – ИД» каби террорчи гуруҳларга ўз ҳудудида бўлишга рухсат берадими? Гарчи Москва бир неча бор «Толибон» ИД билан курашаётганини таъкидлаган бўлса-да, ар-Риёд бу кучлар ўртасидаги муносабатлар қандай ривожланишига тўла ишонч ҳосил қилмаган. «Ҳозирги кунда «Толибон» нималар, дейишидан қатъи назар, улар ИД ва бошқалар билан аҳил эмаслигининг ҳеч қандай далили йўқ», - деб ёзади жаноб ар-Рашид ва толиблар «афғон қамоқларидан юзлаб ва минглаб террорчиларни қўйиб юборгани»ни айтди. Уни ташвишга солаётган учинчи савол – «Толибон»га Покистоннинг таъсир даражаси.

Агар покистонликлар «Толибон»нинг қарорларига таъсир кўрсатаётгани аён бўлса, бу йирик давлатларни тинчитади", - дейди Абдулраҳмон ал-Рашид.

«Ар-Риёд турли радикал кучларнинг ўзини қандай тутиши ҳамда бу уларга ва минтақа тақдирига қандай таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирда. Эҳтиёткорлик учун дипломатлар ҳам эвакуация қилинди. Саудия Арабистони «Толибон» нуқтаи назаридан Афғонистондаги келишув сиёсати учун қасос олинишидан қўрқиши мумкин. Саудияликлар АҚШ томонидан бошқарилиб, мамлакатдан қочиб кетган Афғонистон Президенти Ашраф Ғанини қўллаб-қувватлади. Бундан ташқари, улар минтақада радикализм ўсиши ва бу охирги пайтлар валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон консерватив кучлар норозилигини уйғотиб, исломни модернизация қилиш учун ҳаракат қилаётган, қироллик ичидаги вазиятга қандай таъсир қилишидан хавотирда»,- деди "Ъ" нашрига МДУ жаҳон сиёсати факультети профессори Григорий Косач. Қироллик ҳали 1979 йил воқеаларини унутгани йўқ, ўшанда ислом жангарилари ўша лаҳзада ўн минглаб диндорлар тўпланган мусулмонларнинг Маккадаги асосий муқаддас жойи – ал-Ҳарам масжидини қўлга олганди. Жангарилар ҳукуматдан Ғарб билан, Ғарб қадриятлари ва маданияти билан «жиноий алоқа»дан воз кечишини талаб қилган. Шундан сўнг мамлакатда диний полициянинг таъсири кескин ошди, концертлар, кинотеатрлар ва бошқа оммавий ўйин-кулгилар тақиқланди, аёллар кийимлари, шунингдек, уларнинг ҳаракат эркинликлари ва умуман бутун ҳаёт тарзи қатъий тартибга солинди. Айнан шу ҳолатни ҳозирда валиаҳд шаҳзода ўзгартирмоқда, Афғонистон эса тескари йўлни намойиш этиши мумкин.

БААга келадиган бўсак, дунёнинг етакчи ўйинчилари бундай қарорга келмагунча, «Толибон»ни қўллаб-қувватлаш каби бундай рискли қадам қўйиш учун ўзининг молиявий марказ ролини жуда қадрлайди. Бундан ташқари, Саудия Арабистони ҳам, БАА ҳам 2017 йил Қатар билан дипломатик низо бошланганидан сўнг Афғонистонни тартибга солишдаги иштирокини қисқартирди. 2013 йилдан бери Доха шаҳрида «Толибон»нинг сиёсий офиси жойлашган бўлиб, у АҚШ ва афғон ҳукумати ўртасида асосий музокаралар майдонларидан бирига айланди. Қатарликлар ўз қўшниларидан кўра, фаолроқ экани ҳайраатланарли эмас. «Қатар, айниқса, ҳокимият бўшлиғи пайдо бўлгач, тинч ўтказишни таъминлаш учун қўлидан келган ишларни қилади»,- деди Қатар ТИВ раҳбари Муҳаммад  бин Абдурраҳмон ат-Таний. Яна бир давлат – Туркия ҳам худди шундай позиция танлаган. Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушўғлу Анқара барча томонлар, жумладан, «Толибон» билан мулоқотни қўллаб-қувватлайди, деб баёнот берди.

Қатар ва Туркиянниг ёнида қолган Ислом давлатлари ҳозирча фикр билдиришда жуда эхтиёт бўлишяпти.

Масалан, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) котибияти «Толибон»ни ва бошқа барча афғон томонларини халқ манфаатларини ҳимоя қилишга чақирди ва воқеаларнинг ривожини кузатиб, тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлашини қўшимча қилди. Норасмий даражада бўлса ҳам ижтимоий тармоқларда фикрлар бўлинди. Айримлар минтақа келажагидан ташвишда бўлса, бошқалар АҚШ мағлубиятига хурсанд. «Қардош мусулмон афғон халқини босқинчилар устидан қозонилган ғалаба билан табриклаймиз, ўзимизни ва бутун Ислом аҳлини Аллоҳнинг самимий ниятини амалга ошгани билан табриклаймиз»,- деди Уммон муфтийси шайх Аҳмад бен Хамад ал-Халилий. Уммон ҳукумати сукут сақлашни маъқул топди.

Эрон ҳам АҚШнинг мағлубиятидан хурсанд бўлган мамлакатлар қаторидан ўрин олиши мумкин эди. Теҳронга мафкуравий жиҳатдан яқин бўлган ХАМАС Фаластин ҳаракати «Толибоннинг босқинчилар устидан ғалабаси» ни олқишлаб, уни қаршилик кучларининг ютуғи деб атади ва Исроилга қарши курашда шу йўлни тутишга ваъда берди. Бироқ Теҳрон ўз чегаралари яқинида вазиятнинг ёмонлашиши ва қочқинлар оқимининг кескин ортишидан кўра, музокараларни афзал кўрмоқда (айниқса, эронликларни музокараларга қўшишдан Россия манфаатдор). «АҚШнинг мағлуб бўлиши ва Афғонистонни тарк этиши бу мамлакатда ҳаётни тиклашга, хавфсизлик ва мустаҳкам тинчли ўрнатишга имкон бериши лозим» - деди Эроннинг янги президенти Иброҳим Раисий. Эронликлар 1989 йил ўз дипломатлари ва IRNA расмий агентлиги журналисти «Толибон» томонидан ўлдирилганини ҳали унутгани йўқ.

Манба - kommersant.ru

Абу Муслим таржимаси