“Улар бизни диний сабабларга кўра тақиқланган (мусулмонлар учун – таҳр. изоҳи) чўчқа гўшти билан боқишяпти, бу ердаги одамларнинг 95%и инглиз тилида ўқий олмайди ёки гапира олмайди”, - деди у қуруқ паёк расми остида колдирган изоҳида.
Пакетдаги ёзувга қараганда, ичида заранг дарахти сиропи бўлган чўчқа гўшти бор.
Аёл озиқ-овқат тарқатилмасдан, муҳтожларга улоқтирилмоқда деб қўшиб қўйди: “улар қўлга беришмаяпти (қуруқ паёкни – таҳр. изоҳи) , балки бу пакетларни бизга узоқдан улоқтиришяпти”, - деб эътироз билдиради у.
Шунингдек, қочқин аёл Кобул аэропортида Афғонистон фуқаролари дуч келган қийинчиликлар ҳақида ҳам сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, одамлар тўрт кундан бери тош ва ахлатлар устида ухламоқда. Бу пайт давомида эса, Америка аскарлари афғонларнинг қуроли бўлмаса-да, уларни нишонда ушлаб турибди.
Аввалроқ “Толибон” Афғонистон устидан назоратини қўлга киритгач, элчихоналар ва халқаро гуманитар гуруҳларда ишлаган 12 мингга яқин хорижлик ва маҳаллий аҳоли Кобул аэропорти орқали мамлакатни тарк этгани хабар берилган эди.
15 август куни "Толибон" жангарилари Афғонистоннинг бутун ҳудуди устидан назорат ўрнатилганини эълон қилди. Ҳозир улар муваққат ҳукумат тузмоқда.