loader
Foto

АҚШ Афғонистон билан урушга сарфлаган триллион доллар нима бўлди?

"Афғонистонни тиклаш бўйича махсус бош инспектор (SIGAR) маълумотларига кўра, бугунги кунга келиб уруш америкаликларга деярли 1 триллион долларга тушган. Шундан катта қисми (837 млрд.) урушга сарфланиб, 133 млрд. қисми тиклаш харажатлари деб эълон қилинди".

"Лекин тиклаш харажатларининг ҳам аксарияти мамлакат хавфсизлигини таъминлашга кетди. Афғон аскарларини тайёрлаш, наркотрафикка қарши курашиш ва тинчликни сақлаш учун 89 миллиард долларга яқин маблағ сарфланди. Мамлакатни ривожлантириш учун, хусусан, инфратузилма лойиҳалари, ижтимоий дастурлар ёки соғлиқни сақлаш тизими учун қарийб 36,3 млрд. доллар (умумий харажатларнинг 3,7%) маблағ ажратилди. Бу ерда пулнинг бир қисми наркотрафикка қарши курашга ҳам кетган. АҚШ ҳукуматининг гуманитар ёрдам лойиҳаларига сарфлаган харажатлари 4,2 миллиард доллар билан чекланди", - дейилади мақолада.

"ProPublica тергов платформаси солиқ тўловчиларнинг пулини талон-тарож қилиш, фирибгарлик ёки мақсадсиз йўналишда фойдаланишини ўрганадиган назорат органи ҳисоботларини тўплади. Хусусан, 2015 учун SIGAR ҳисоботи Қўшма Штатлар Афғонистонда наркотрафикка қарши курашиш учун 8,2 миллиард доллар сарфлаганига қарамай, бу мамлакат ҳали ҳам дунёдаги энг йирик афюн ишлаб чиқарувчиси ҳисобланишини аниқлади. Ундан бошқа нарсалар қатори героин ҳам ишлаб чиқариладиган афюн ишлаб чиқариш бизнеси Афғонистон иқтисодиётининг иккинчи - ҳарбий сектордан кейин - энг муҳим тармоғи ҳисобланади", - деб ёзади газета.

"Қўшимча 700 млн. доллар ажратилганига қарамай, вазият ўзгармади. Экспертларнинг маълумотларига кўра, «Толибон» харажатларининг 60%дан ортиғи улар ҳокимият тепасига келишидан олдин ҳам кўкнори етиштиришдан келиб тушарди. Энди улар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича идораси (UNODC) маълумотларига кўра, дунё афюн ишлаб чиқаришнинг 85% учун жавобгар бўлган мамлакатни назорат қилади".

" ProPublica томонидан ўтказилган тергов маълумотларига кўра, АҚШ нинг бошқа қиммат лойиҳалари ҳам муваффақиятсизликка учради: 2 миллиард АҚШ доллари афғонларнинг маблағ ва техник кўникмаларнинг йўқлиги туфайли мустақил равишда сақлаб қолиш имкони бўлмаган йўллар қурилишига сарфланди. Зирҳли транспорт воситаларига 660 млн. киритилди, бироқ афғонлар уни сақлаш ва таъмирлаш учун етарли даражада тайёрланмаган", - дейилади нашрда.

"Шунга қарамай, америкаликларнинг Афғонистондаги саъй-ҳаракатлари умуман беҳуда эмасди", - дея қайд этади NZZ. - Хусусан, улар афғон болалари, айниқса, қизларнинг таълим олиши учун катта саъй-ҳаракатлар қилган. АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) таълим лойиҳаларига, хусусан, қизлар учун дарслик, стипендия ва университетга тайёрлов курсларини ташкил қилиш ёки таълим тизимини умумий такомиллаштиришга 1,3 млрд. доллар сарфлади"

"Америкаликлар мамлакатга киргач, мактабга қатнаш даражаси сезиларли даражада ошди. Бироқ, ўғил ва қизлар ўртасидаги катта фарқ сақланиб қолди".

"Гўдаклар ўлими ва умр кўриш узоқлиги каби бошқа кўрсаткичлар ҳам мамлакатда АҚШ қўшинлари бўлган давр давомида яхшиланган, бироқ тегишли тенденциялар АҚШ келишидан олдин ҳам кузатилган. ЯИМнинг ошиши каби бошқа ижобий ўзгаришлар барқарор бўлиши эҳтимоли паст, чунки Афғонистон иқтисодиёти ҳарбий саноат ва ёрдам тўловларига боғлиқ. "Нью-Йорк Таймс" маълумотларига кўра, сўнгги йилларда мамлакатда қашшоқлик ўсган ва у юқори даражада қолмоқда."

"Яқин Шарқдаги жанговар ҳаракатлар америкаликлар учун катта кейинги харажатларга олиб келиши мумкин. Хусусан, Америка Браун университети маълумотларига кўра, 2001 йил 11 сентябрдан кейинги барча ҳарбий амалиётлар (яъни, Ироқдаги уруш ва бошқа мамлакатлардаги аксилтеррор миссиялари) солиқ тўловчиларга 6,4 трлн. долларга тушди".

"Жанговар ҳаракатларга сарфланган триллионлар бўйича фоиз тўловлар қимматга тушади (тахминан 925 млрд). Ветеранларга келажакда тиббий хизмат кўрсатиш яна камида триллион доллар сарфлашни талаб қилади".

"Ҳокимиятни «Толибон» томонидан эгаллаб олиш кўрсатадики: ўқитилиши қимматга тушган афғон қуролли кучлари рекорд даражада қисқа вақт ичида мағлубиятни тан олишига тўғри келди. Коррупция, бошқарув сифатсизлиги ва жанговар руҳнинг йўқлиги – киритилган маблағлар кутилган даражада муваффақият олиб келмаганининг бир нечта сабаби, холос. Афғонистонни тиклаш бўйича кўплаб лойиҳалар ҳам ўзини оқламади. АҚШ нинг Афғонистонда иштироки самараси кўплаб ҳудудларда барқарор бўлмади", - деб хулоса қилади Neue Zürcher Zeitung.

Манба: Neue Zürcher Zeitung

Абу Муслим таржимаси