loader
Foto

Дунё Афғонистоннинг янги хўжайинларини тан оладими?

Кобулда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон» Афғонистоннинг янги ҳукуматини шакллантиришни якунлади ва, кутилганидек, уни жума куни эълон қилади. Жаҳон агентликларининг «Толибон» даги манбаларига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳукуматда аввалги маъмурият вакиллари йўқ. Сиёсий қанот етакчиси Абдул Бародар ва «Толибон» асосчисининг ўғли Муҳаммад Ёқуб мос равишда ТИВ ва Мудофаа вазирлигига раҳбарлик қилади, «Ҳаққоний тармоғи» гуруҳидан Халифа Ҳаққоний эса, ички ишлар вазири бўлди. барча тайинловлар тасдиқлангач, Афғонистон раҳбари «Толибон»нинг бош етакчиси Хибатулла Охундзода бўлади.

Афғонистоннинг янги ҳукумати қандай бўлишидан қатъи назар, у жаҳон ҳамжамиятига тан олишларини сўраб мурожаат қилиши керак. Бу ҳеч бўлмаса шу сабабдан ҳам ҳаётий аҳамиятга эгаки, мамлакат бюджетининг 80%дан ортиғи хорижий ёрдамга боғлиқ. Шу аснода, 24 август куни Жаҳон банки Афғонистонга маблағ ажратишни тўхтатиб қўйди ва буни аёллар аҳволидан «чуқур хавотир»да эканлиги билан изоҳлади. Хорижий ёрдамнинг тўхтатиб қўйилиши янги гуманитар инқироз ва вайрона қиладиган оқибатларга олиб келиши мумкин.

«Толибон» халқаро тан олиниш ва қўллаб-қувватланишга интилади, – деди давлат котиби Энтони Блинкен 31 август куни АҚШ нинг Афғонистондаги 20 йиллик операцияси якунига етгач. – Биз бунга қонунийлик ва қўллаб-қувватланишга сазовор бўлиш керак, деб жавоб берамиз». У, шунингдек, АҚШ нинг Афғонистондаги ҳозирлиги якун топиб, элчихона Қатарга кўчиб ўтишини маълум қилди. Блинкен бу босқични Афғонистон билан ўзаро муносабатларнинг янги босқичи ва бунда АҚШ дипломатик усуллар билан ҳаракат қилади деб айтди, ваҳоланки бир ой олдин у элчихона ишини давом эттиришини ҳам, янги ҳокимият билан муносабатлар ривожланишини ҳам ишонтириб айтган эди.

Энди эса АҚШ «Толибон» ҳукумати ҳақида унинг ҳаракатларидан келиб чиқиб хулоса чиқаради. У ҳаракат эркинлигини таъминлаши, афғонларнинг, жумладан, аёлларнинг ва этник озчиликлар вакилларининг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, шунингдек, бошқа мамлакатларга хизмат қилганлардан ўч олмаслиги лозим.

Умуман олганда, халқаро ҳамжамиятнинг «Толибон» ҳокимият тепасига келишига реакцияси эҳтиёткорлик билан кутишдан иборат бўлмоқда. Қани, аввал «Толибон» муросага ва бунёдкорликка қарор қилгани, «ал-Қоида» билан алоқаларни ҳақиқатда узгани, мамлакат ҳудудидан «Ислом давлати» жангарилари ва бошқа жиҳодчиларни ҳайдаб юборганлигини иш билан исботласин. Шу сабабли ҳеч ким «Толибон»ни қонуний ҳукумат сифатида тан олишга шошилмаяпти. Ҳаттоки Покистон билан биргаликда «Толибон»ни 1996-2001 йиллардаги ҳукмронлик қилган даврида тан олган Саудия Арабистони ва БАА ҳам ҳозирча ўзини тийиб турибди.

Россия ҳам шошилмаяпти, бунда «Толибон» билан боғлиқ кескин баёнотлар ҳам кузатилмаяпти. Россия Федерацияси президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабуловнинг сўзларига кўра, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қароригача «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. «Тан олиш борасида биз ҳеч қаерга шошилмаяпмиз. Кўрамиз ҳали, бу режим ўзини қандай тутаркан», – деди у. Лекин шунга қарамай, Москва «Толибон» билан етти йиллик мулоқот тажрибаларига таяниб, Афғонистоннинг янги раҳбарияти билан нормал муносабатлар ўрнатиш ниятида. Россия ТИВда бундай мулоқотлар «Толибон» вакилларини қуролли курашдан воз кечиш ва аввалги ҳукумат билан мулоқотга киришишга уриниш билан изоҳланади. Ҳозирда улар Москва томонидан келишувга кела оладиган, ўз қилмишига ўзи жавоб бера оладиган ва адекват шахслар деб аталмоқда. Россияда уларнинг ташкилоти ноқонуний деб тан олинган толибларга Россия Федерациясининг Кобулдаги элчихонасини периметр бўйлаб қўриқлаш ишониб топширилди. Яъни худди бутун дунё ҳамжамияти олдида бўлгани каби, Москва олдида ҳам қуйидаги савол турибди: «Толибон» цивилизацияли бўла оладими? Янги ҳукумат таркибига қараганда, яқин истиқболда бундай ўзгаришлар эҳтимоли жуда паст.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР