loader
Foto

Тожикистонда хитойликларнинг базаси топилди

Махсус кучлар базаси Афғонистонни Толибон томонидан қўлга олиниши фонида ва Тожикистон ички ишлар вазирлиги ва Хитой хавфсизлик вазирлиги ўртасидаги келишув доирасида қурилади. ТБМВ Хитой ва Афғонистон билан чегарадош.

Тожикистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Абдурахмон Аламшозода 27 октябрь куни парламентда хабар қилишича, объект Ишкашим тумани Вахан қишлоғида қурилади.

«Эришилган келишувга кўра, Тожикистон ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка қарши курашиш департаментининг Вахан дарасидаги махсус тезкор жавоб бўлими (СОБР) базаси бепул ажратилган маблағлар ҳисобига қурилади. ХХР лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган машина, ускуна ва материалларни тақдим этиш масъулиятини ўз зиммасига олади, Тожикистон мамлакатга асбоб-ускуналарни олиб киришни солиқ ва божхона тўловларидан озод этиш мажбуриятини олади», қўшимча қилди Аламшозода.

Маджлиси намояндагон депутати Толибхон Азимзоданинг айтишича, бу махсус база Тожикистон ИИВга тегишли бўлади. Унинг сўзларига кўра, базани қуриш чоғида Хитойдан Тожикистонга олиб кирилаётган барча ускуна ва техникалар божхона тўловларидан озод этилади.

Лойиҳа доирасида 12 та бино, жумладан, маъмурий бино, ётоқхона, овқатланиш хонаси, хавфсизлик хонаси ва бошқаларни, сув омбори ва иккита кузатув минорасини қуриш режалаштирилган. Мажмуанинг умумий майдони 3550 кв бўлади. Ҳозирги кунда базани қуриш учун ер ажратиш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш жараёни давом этмоқда.

Эслатиб ўтамизки, 2019 йил Washington Post газетаси журналистлари Мурғоб туманида аниқлаган ҳарбий объект, маҳаллий аҳолининг сўзларига гўра, Хитойнинг махфий ҳарбий базаси ҳисобланади. У Афғонистон билан чегарадан бир неча километр узоқликда жойлашган. Газета мухбири бу объектни суратга олишга муваффақ бўлди, у майдоннинг сунъий йўлдош тасвирларида ҳам кўринади. Мурғоб бозорида суҳбатлашиш имкониятига эга бўлган маҳаллий аҳоли ва хитойликларнинг сўзларига кўра, Хитой ҳарбийлари 2016 йилдан бери объектда жойлашган. Бироқ ҳар икки томон Тожикистонда Хитой ҳарбий иншоотлари мавжудлигини инкор этди.