Пайшанба (2 декабр) куни Twitter олти давлат, жумладан, Хитой ва Россияда ҳукумат ташвиқотини ёйинлаш билан шуғулланган 3500 га яқин аккаунтни ёпганини маълум қилди.
Ҳисобларнинг аксарияти «Хитой коммунист партиясининг Шинжондаги уйғурларга нисбатан муносабати билан боғлиқ нарративини кучайтираётган» тармоқнинг бир қисми бўлган, деб баёнот беради Twitter.
Асосан мусулмонлардан иборат Шинжон вилоятида Хитой ҳукумати бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа мусулмонлар, жумладан этник қозоқлар ва қирғизларни «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган 400 га яқин муассасаларда сақлаб келмоқда.
Яна миллионлаб одамлар қатъий кузатув ва назорат остида яшайди.
Мустақил терговлар ва собиқ маҳбуслар билан ўтказилган суҳбатларда жисмоний ва руҳий қийноқлар, онгни заҳарлаш, мунтазам зўрлашлар, муслима аёлларнинг мажбурий бичилиши, тана аъзоларини мажбуран олиш, жинсий таҳқирлаш ва бошқа даҳшатли амалиётлар тилга олинган.
Пекинпараст кампанияга алоқадор 2048 та аккаунтдан ташқари, Twitter Шинжон ҳудудий маъмурияти боғлиқ Changyu Culture компаниясининг 112 та аккаунтини ҳам ўчириб ташлаган.
Россиянинг троллар фабрикаси
Хитойдан ташқари, Twitter шунингдек ҳукуматпараст онлайн таъсир кампаниясини олиб борадиган, танқидчилар «троллар фабрикаси» деб атаган Интернет тадқиқотлари агентлигига (ИТА) алоқадор аккаунтларни ҳам ёпиб қўйган.
ИТА 2016 ва 2020 йилларда АҚШдаги сайловларга аралашувда, шунингдек Британия, Германия, Франция каби хорижий мамлакатлардаги сайловлар ва референдумлар чоғида бузғунчи ташвиқот олиб борганликда ҳам айбланган.
«Ушбу операция Марказий Африка сиёсий мунозараларида россияпараст қарашларни сингдириш бўйича сохта ва ҳақиқий аккаунтларга таянган», деб хабар берган Twitter.
2018 йилда армияни тайёргарликдан ўтказиш учун Марказий Африка республикасига кўплаб «йўриқчилар» юборганидан бери, Россиянинг бу минтақадаги таъсири тобора кучайиб бормоқда.
«Бундан ташқари, Ливия фуқаролик ҳукумати ва уни қўллаб-қувватлаган томонларга ҳужум қилиб, Ливия ва Сурияда Россиянинг геосиёсий қарашларини ёқлаган 50 та аккаунтни ҳам ўчириб ташладик», деб қўшимча қилган Twitter.
Блокланганлар орасида Мексикада ҳукуматпараст контентни улашган 276 та, шунингдек «Венесуэлада ҳукумат ва унинг расмий нарративларини қўллаб-қувватлаган ҳисоблар, хештеглар ва мавзуларни кучайтирган 277 та» аккаунт ҳам бор.