10 декабрда эълон қилинган чора-тадбирлар 2018-2021-йилларда Шинжон Уйғур автоном райони раиси Шуҳрат Зокир ва ҳозирда ушбу лавозимни эгаллаб турган ва илгари раис ўринбосари бўлган Эркен Туниязнинг АҚШга сафар қилишини тақиқлайди.
Зокир ва Тунияз мажбурий ассимиляциянинг репрессив кампаниясига бошчилик қилган, натижада Шинжоннинг туб, асосан мусулмон этник гуруҳларидан бир миллиондан ортиқ вакили лагерларга тиқилди, дейилади АҚШ Молия вазирлиги баёнотида.
Хусусан, этник уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқалар бу минтақада босим остида.
Ғазначилик шунингдек, сунъий интеллект соҳасидаги тадқиқотлар билан шуғулланадиган SenseTime Group компанияси учун инвестицион чекловлар жорий қилди ва унинг юзни аниқлаш дастури расмийлар томонидан Шинжон аҳолисини аниқлаш ва мониторинг қилиш учун фойдаланилганини айтди.
Пекин АҚШ маъмурияти "геноцид" деб қоралаган минтақадаги репрессив сиёсати учун халқаро танқидларга учрамоқда. Давлат департаменти маълумотларига кўра, минтақада ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, қамоққа олиш, қийноққа солиш ва мажбурий стерилизация қилиш қўлланмоқда
Хитой бу айбловларни рад этиб, уйғурлар ва бошқа этник гуруҳлар яшайдиган лагерлар дерадигализация мақсадини кўзлайдиган "касб-ҳунар ўргатиш марказлари" эканини таъкидламоқда.
Қўшма Штатлар аввалроқ Шинжондаги репрессиялар муносабати билан ҳукумат идоралари ва шахсларга нисбатан санкциялар жорий этган, шунингдек, минтақада мажбурий меҳнатдан фойдаланганликда айбланган қатор компанияларга нисбатан чекловлар жорий қилган. Бир қанча Ғарб давлатлари келаси йили Пекинда ўтказиладиган Қишки Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилишди.