loader
Foto

Рўза мўжизаси

Рўза мавзуида кенг тарқалган қаноат тўғрисидаги фикрлар ва бир нуқтада узр қидиришга интилишлар хатодир. Заиф кишилар, қон босими баланд бўлган беморлар ёки бир қатор эски касалликлари бўлган кишиларнинг рўза тутмай қўйишлари нотўғри, чунки рўза вужуд учун калория камайиб кетиши ёки таъминот чекланиши ҳодисаси эмас. Рўза вужуд механизмининг онгли равишда тафтиш қилиниши, кўздан кечирилишидир. Мана ўқидингиз, ояти карима мўжизавий ҳикмат билан тўла бу ҳақиқатни айтиб турипти. Тўғри, соғлиғи жиҳатдан узрли бўлганларга рўза тутмасликка рухсат берилган. Лекин оятда масалани яхши билганлар учун рўза тутишда зарар эмас, аксинча, фойда ва хайр борлиги билдирилган.



а) Рўзанинг ҳазм (сингиши) тизимига кўрсатадиган мўжизавий таъсирлари

Ҳазм қилиш тизими - вужуднинг энг тартибсиз, овқатлар тиқилиб кетган аъзолар оиласидир ва бутунлай компютерик, яъни бир-бирига электроник миялар билан боғланган ҳайратомиз бир қурилмадир.

Ҳазм тизими оиласининг энг оғир вазифалари ўзимиз билган жигар номли аъзога юкланган. Бу аъзо, ҳозирга қадар аниқланишича, 16 хил вазифани адо этади. Ва 24 соат ҳеч тинмай бир-биридан оғир ишларни қилгани-қилган. Мана шу жигар рўза тутиш асносида ҳеч бўлмаганда 12 соатнинг 6 соатида вазифалари енгиллашиб, бир дам олишга ўтади. Эҳ-ҳе, қанийди жигар ҳужайралари бир тилга кирса-ю, бу 6 соатлик дам олишнинг ўзи учун нақадар катта неъмат эканлигини ҳикоя қилиб берса... ҳеч бўлмаганда бу кунларимизнинг адашаётган баъзи бир кишилари жонимга мадор деб, бақувват овқатлар еб, ўз жигарларини ахлат тозалаш машинасига айлантириб қўяётганлари тўғрисида бир оз мулоҳаза юритсалар, "жигарим шу онда ичимда нима қилаётган экан? - деб хавотир билан ўйлаб кўрсалар... ўзларига фойда бўлар эди.

Эй инсон, ҳеч бўлмаса йилда бир ой рўза тут, бечора заҳматкаш жигарингни ҳар куни бир марта 6 соат дам олдир. Вужуднинг бу марказий лабораториясига рўзадан бошқа йўл билан ҳеч қандай ёрдам бера олмайсан, шунинг учун ҳам 184-оят:

Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир,- деб уқтиради.

Рўза ҳазм тизими оиласига кирувчи бошқа аъзоларга ҳам жуда яхши истироҳат фурсати яратади. Оғиздан бошлаб тупук безигача, ундан то бениҳоя нозик аъзо - овқат ютиш найи - (қизилўнгач)гача - ҳамма-ҳаммаси учун йилда бир ой тутилган рўза - неъматлар ичида энг катта неъматдир. Бу пайтда ошқозон барча мушак (Мускул)ларни дам олдиради. Ички пардадаги жамики заифликлар ўзини созлаб олади. Баъзи бир илми чалароқ "доктор"лар ўйлаганидай, рўза пайтида ошқозон кислота чиқармайди. Рўза тутиш учун ният қилинган лаҳзадаёқ ошқозон шартли рефлексга ўтиб, кислота ажратишни таққа тўхтатади. 12 бармоқ ичак ҳам рўзадан ўзининг омонлик улушини олади. Зеро, бу аъзо жамики ҳазм тизими компютерларининг марказий нуқтасидир. У рўзада ҳар куни ўрта ҳисобда 10 соат дам олади. Ичаклар рўза асносида, айниқса, ички пардаларини ва улар ортидаги муҳофаза марказлари бўлмиш Пеер тангачаларини  бир бор текширувдан ўтказиб, тишларини созлаб олади.



б) Рўзанинг модда айланиш тизимига берадиган неъматлари

Жисмимизда қон ҳажмини озайиши юракка жиддий бир истироҳат келтиради. Янада муҳимроғи тўқималар орасидаги ортиқча сувни йўқ қилиб, тўқима босимини пасайтиришидир. Халқ орасида "кичик қон босими" деб юритиладиган, қоннинг юракка босим бериши рўза чоғида пасаяди. Бу эса, юракка биз инъом этишимиз мумкин бўлган энг катта яхшиликдир. Тўқима босимини рўзадан бошқа йўл билан тушириш жуда қийин.

Модда айланиши тизими жиҳатдан энг муҳим масалалардан бири шуки, соғлом кишиларда қонга ўтган озиқ-овқатларнинг ҳаммаси фақат рўзали чоғларида куйиб кетади. Айниқса қондаги ёғ ва ёғсимон моддалар (липид) рўза тутилган пайтда минимал (енг оз) даражага тушади. Бу эса қаришнинг орқага сурилиши демакдир, яъни липиди ортиб кетганлар ҳам рўза тутишдан катта фойда кўришлари шак-шубҳасиздир.

Липид - томирнинг қаттиқлашиб кетишига катта таъсир қилиши аниқланган бугунги кунимизда рўзанинг томир тизимимизга ҳам кўрсататаётган таъсири ҳақиқатан бир тиббий мўжизадир.

Модда айланиш тизимида муҳим ўрни бўлган буйракларнинг рамазон ойида ўзига хос дам олиш фазасига ўтиши ҳам рўзанинг бир неъматидир.



в) Рўзанинг ҳужайраларга таъсири

Тўқима тизими ичида турли вазифаларни адо этувчи ҳужайралар, айниқса, овқат олди-бердисини ва ҳужайра ичида ҳамда ҳужайралар орасида сув мувозанатини бир тартибда тутишга мажбурдирлар. Ҳужайрани энг кўп чарчатувчи нарса ана шу сув мувозанати билан боғлиқ. Рўзада жамики бу ҳодисалар энг оз даражага тушиши муносабати билан ҳужайралар учун енгил нафас олиш имкони туғилади. Рўзали одамнинг жамики ҳужайралари икки тарафлама бахтли бўлади:1. Сув мувозанатини сақлаш машаққати ярим баравар озаяди.

2. Ҳужайраларнинг ўз вазифалари, айниқса, шира чиқарувчи ҳужайраларнинг иши яна оз савияга тушади.

Бу соҳада кўп тадқиқотлар ўтказган Ҳипофиз, Диройт ва Панкреас рамазонни соғиниб кутишлари мутлақо бежиз эмас.



г) Рўзанинг асаб тизимига таъсири

Олдиндан айтиб қўяйки, нафсни тиёлмасликка оид бўлган рўза кашандалиги (рўза тутган ҳолда чекиш) асаб тизимига ҳеч қандай наф келтирмайди. Бирон киши рўза оғиз экан, асаб тизими қатъиян юз фоиз дам олмоғи керак. Вужуд метаболизми (модда алмашинуви) кундузи энг оз савияга тушганда асаб тизими марказидан эътиборан нисбий бир дам олишга ўтади.

Жинсий интизом ҳам, асаб тизимидаги жамики тангликларни аритганидан, унга алоҳида бир ором беради.

Рўзанинг асаб тизимига берган энг катта неъмати унинг қаттиқ ҳаяжондан юзага келувчи руҳий зарбаларни йўқ қилишидир. Айниқса, рўза ибодатлари (таровиҳ) каби завқи барча қайғу-ҳасрат, маъюслик ва қўрқувларни йўқ қилиб юборади. Жуда чуқур ғам-ғуссаларни юрак тубларидан ўчиради. Руҳий зарбалар эса, маълумки, соғлиқнинг энг катта душманидир. Рўзанинг бутун бир тизимларга сезиларли таъсири ахир-оқибатда бир қатор умумий неъматлар ҳам олиб келади. Масалан, жигар дам олгани учун вужуд хавфсизлигига тайёрланган ҳимоячи моддалар кучлироқ бўлади. Айни шу ҳодиса туфайли рўзадан сўнг ўзимизни бардамроқ ҳис қиламиз. Жисмимиздаги ортиқча юклар эрийди, иштаҳасиз ва заиф кишилар кучга кирадилар, тошлари ортади. Қонсизлар хоҳ ҳазм тизимининг тартибга тушишидан бўлсин, хоҳ қондаги овқат энг оз савияга келиши асносида суяк илигига кўрсатилган рағбатдан бўлсин-янада фаолроқ қон ишлаб чиқара бошлайдилар.

Ҳа, азиз ўқувчиларим, энди 184-оят орқали буюрилган Агар билсангиз, рўза тутиш сиз учун яхшироқдир" жумласининг ҳикматини англаган бўлсангиз керак...

Шундай қилиб, Қуръоннинг ақлларни ўйга толдирадиган бу мўжизаси яқин орада яна бир мўжиза кўрсатишига аминман: ҳа, шундай замонлар келадики, бугун инонганлар ҳам, инонмаганлар ҳам, агар билимлари етарли бўлса, агар ширин жонларини севсалар... мутлақо рўза тутажаклари шак-шубҳасиздир. Лекин инониб рўза тутганларнинг қўлга киритажак неъматлари ва ҳикматлари ортиқроқ бўлгусидир.

Холуқ Нурбоқийнинг "Қуръони каримнинг илмий мўжизалари" китобидан

Туркчадан МИРАЗИЗ АЪЗАМ таржимаси