Хитой Тайванга ҳужум қилса, Вашингтон Пекинга ҳарбий жавоб беради. Бу ҳақида АҚШ президенти Джо Байден Токиодаги музокаралар якунлари бўйича Япония бош вазири Фумио Кисида билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.
АҚШ етакчисининг сўзларига кўра, зарурат туғилса, Қўшма Штатлар оролни ҳарбий йўл билан ҳимоя қилишга тайёр.
Оқ уй раҳбари АҚШ "битта Хитой" тамойилига рози эканини эслатди.
Байденнинг таъкидлашича, орол мақомини зўрлик билан ўзгартириш ғоясининг ўзи ноўрин. "Акс ҳолда, бу Украинада содир бўлган воқеаларга ўхшаш яна бир ҳаракат бўлади", деди Байден ва Хитойнинг бундай ҳаракати "бутун минтақани беқарорлаштириши"ни таъкидлади. Тайвань 1949 йилда Чан Кай-ши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари фуқаролар урушида мағлуб бўлиб оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади.
Ўшандан бери у ерда коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикасининг байроғи ва бошқа баъзи атрибутлари сақланиб қолган.
ХХР расмий позициясига кўра, орол Хитойнинг провинцияларидан бири ҳисобланади.