loader
Foto

Дунёнинг яратилиши

«Айт: «Сизлар ҳақиқатан ҳам ерни икки кунда яратган Зотга куфр келтиряпсизми ва Унга (бошқаларни) тенглаштиряпсизми?! Ахир, бу оламларнинг Роббику! У Зот ўша(ер)нинг устида барқарор тоғларни қилди, уни баракотли қилди ва унинг (ахди) ризқини тўрт кунда ўлчовли этиб тақдир қилди. Бу сўровчилар учундир. Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга истиво қилиб, унга ва ерга: «Икковингиз ихтиёр қилган ҳолингизда ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг!» деди. Икковлари: «Ихтиёр қилган ҳолимизда келдик», дедилар» (9-11-оятлар).

Дунё яратилаётган вақтда осмон тутундан иборат бўлганлиги Қуръони Каримнинг мана шу оятидан билиниб турибди. Ҳозирги уламолар дунёнинг яралиши ҳақида турли фикрларни илгари сурганлар. Жумладан, астроном олим сэр Жеймс Жинс шундай дейди:

«Борлиқ яралишидан аввал ундаги моддалар газдан иборат бўлган ва шу газларнинг ўзаро бирикиши натижасида сайёралар келиб чиққан».

Доктор Жаму эса:

«Дунё вужудга келаётган вақтда у тартибли тарқоқ газдан иборат бўлган. Унинг қалинлиги ва ҳароратини тасаввур қилиб бўлмайди ва шу газда турли моддаларнинг аралашуви натижасида атом парчаланиши вужудга келди. Мана шу ҳаддан ташқари иссиқ газга қаттиқ босимнинг таъсири натижасида борлиқ нужудга кела бошлади. Иссиқ ҳарорат пасайди, газларнинг ҳаракатланиши натижасида булутлар вужудга келиб, улар юлдуз ва бошқа сайёралар сифатида шаклланди», дейди.

Қуръони Каримда борлиқнинг тутундан яратилгани айтилади. Ўша вақтдаги арабларга мана шу сўз (яъни тутун) таниш бўлган. Бизга замондош олимлар эса тутунни «газ» деб атаганлар, холос. Моҳияти битта

Яна савол туғилади: илм олмаган, ўқиш-ёзишни ўрганмаган Муҳаммад Пайғамбар инсон зоти англаб етмаган ҳақиқатни қаердан олиб айтган? Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган оят Аллоҳнинг сўзи эканлигининг исботи эмасми?!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар" китобидан