loader
Foto

Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз

Аллоҳнинг пайғамбари Нуҳ алайҳиссалом фарзандини ҳидоят қиламан деб бор кучини ишга солди. Лекин ўғли кофир ҳолатда вафот этди.

Аллоҳнинг халили Иброҳим алайҳиссалом бор жидду жаҳди билан отасининг ҳидоят топишига ҳаракат қилди. Лекин отаси кофир ҳолатда вафот этди...

Аллоҳ таоло бунинг қаршисида Иброҳим алайҳиссаломга солиҳ фарзанд ато қилди. У келажакда пайғамбар - Исмоил алайҳиссалом бўлди.

Юсуф алайҳиссалом қудуққа ташланди. Йўловчилар уни топиб олиб, қул қилиб сотиб юборишди. Кейин қасрда яшади. Шу орада Азизнинг хотини Юсуф алайҳиссаломни фаҳш ишга чорлади. Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолодан қўрқиб, бу жирканч ишга йўламади. Натижада саройдагилар Юсуф алайҳиссаломни зиндонга ташлашди. У ерда Юсуф алайҳиссалом ўғрилар ва турли ёмон одамлар билан бир неча йил турдилар. Шундай бўлсада, буларнинг барчасида Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломни ўз ҳимоясида сақлади.

“...Бас, Аллоҳ энг яхши асрагувчидир ва У меҳрибонларнинг мехрибонроғидир” (Юсуф сураси, 64-оят).

Аллоҳ таолонинг амри билан Мусо алайҳиссаломни ўз онаси денгизга ташлади. Денгиз Мусо алайҳиссаломни Фиръавн оиласи олдига олиб борди. У Фиръавн қасрида бир қанча муддат яшади. Шундай бўлса-да, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни куфрдан, ширкдан сақлади ва пайғамбарлардан қилди.

Ҳабибимиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фақирликда ва етимликда яшадилар. Шундай бўлса-да, Аллоҳ таоло у зотни жоҳилият кирликларидан сақлади ва Пайғамбарларнинг ҳотами қилди.

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳидоят - фақат Аллоҳдандир.

Аллоҳ таолодан барча фарзандларимизни ҳидоят қилишини сўраймиз.

"Исломда оила" китобидан