loader
Foto

Спикер Ненси Пелоси Тайванда, Хитой ташрифни қораламоқда

“Конгресс делегацияси Тайванга Американинг кучли қувватловини эслатиб қўйиш учун келди, унинг жўшқин демократиясини қадрлаймиз«, - дейди Пелоси Тайпейдаги баёнотида.

Хитой Пелосининг Тайванга сафари урушга сабаб бўлиши мумкинлигига ишора қилди.

“Конгресс аъзоларининг ташрифи АҚШнинг Тайванга нисбатан сиёсатини акс эттиради ва бошқа тамойилларга зид эмас», - дейди у.

Пелоси Тайван раҳбари Тсай Инг-вен ва қонунчилар билан учрашиб, ҳамкорликни муҳокама қилмоқда.

Пелоси Осиё бўйлаб сафари давомида Тайванга «кутилмаганда қадам ранжида этишни» маъқул топган.

Хитойга кўра эса спикернинг Тайванга бориши Пекинни ҳурматсизлашдир. Коммунист давлат учун бу орол унинг ажралмас қисми.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Пелоси ташрифини «аҳмоқона, хавфли ва кераксиз қадам» деб атаган.

Тайванга Конгрессда делегациялар бориб туради, аммо Пелоси Хитойнинг ашаддий танқидчиси ва Тайваннинг азалий ҳимоячиси.

2-август куни эрта тонгдан Тайван атрофидаги сувларда Хитой ўз кучларини оширган. Бу эса ҳудудда ҳарбий тўқнашувлар бўлиши мумкин деган қўрқувни авж олдирган.

Тайван ҳукуматининг билдиришича, турли ҳарбий машқлар орқали Хитой ўз қудратини эслатмоқда. Истаган пайтда бостириб кириб, эгаллаймиз, деган сигнал бермоқда, дейди Тайпей расмийлари.

Пелоси келиши олдидан Хитой Тайваннинг 100 дан ортиқ компаниясига экспорт йўлларини ёпган.

Тайван қонунчиси Вонг Тингю бу ҳаракатни «савдони қуроллаштириш» деб қоралаган.

Тайванга кибер хуружлар ортган, жумладан, ҳукумат сайти ишдан чиққан. Президент саҳифаси ҳам музлаб қолган.

Оқ уй Пекинни босиқликка ундаб, провокацияга берилмасликка чақирмоқда.

“Бу ташрифни қандайдир инқирозга айлантириш учун асос йўқ. АҚШнинг Хитойга нисбатан сиёсатини Пекин яхши билади. Агрессия ўринсиз", - дейди Жон Кирби, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмийси.

Байден маъмурияти Пекин Тайваннинг атрофини ўз денгиз ва ҳаво кучлари билан ўраб, вазиятни кескинлаштириши мумкин деган хавотирда. АҚШ Мудофаа вазирлиги назарида, Пелосининг ташрифи шундай таҳдидга етаклаши мумкин. Бироқ Пелоси Вакиллар палатаси спикери сифатида қай давлатга боришини ўзи ҳал қилади. Маъмурият унинг фаолиятига аралаша олмайди.

Тайван ва Хитой 1949-йилдаги фуқаролик урушида ажралган. Урушда мағлуб бўлган националистлар Тайпейда янги давлатга асос солган ва у кейинчалик демократик тузумга айланган.

Оролни ҳеч қачон коммунистик ҳукумат бошқармаган, лекин Пекин уни босиб олиш ҳақида азалдан огоҳлантириб келади.

1979-йилда АҚШ Тайван билан расмий алоқаларни узиб, уни Хитойнинг бир қисми дея тан олган. Бироқ норасмий қувватлов давом этиб, Конгресс унга қурол-яроғ узатишга рухсат бериб келади.

АҚШ ва Хитой раҳбарлари Тайван мавзусини муҳокама қилди

Вашингтон Пекин ва Тайпей билан алоқани мувозанатлашга ҳаракат қилсада, дейди экспертлар, охирги йилларда Тайванга кўпроқ ва очиқроқ ён босмоқда.

Президент Жо Байден ҳатто Хитой Тайванга ҳужум қилса, уни ҳимоя қилишини айтган.

Байденгача бўлган президентлар бу борада анча эҳтиёткорона сиёсат юритган, яъни Тайван мустақил бўлиши керак ёки Хитойга тегишли эмас, деган баёнотлар бермаган. Байден ҳам бундай демаган, аммо унинг Хитойга нисбатан ёндашувида демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси бирламчи ўринда.

Шу боис ҳам, дейди таҳлилчи Аманда Сяо, Пекин талвасада.

“Пелосининг ташрифи Хитойни кескин чораларга етаклайди, жумладан, Тайван атрофида ҳарбий кучлар кўпаяди, орол унинг ҳаво воситалари қуршовида қолади».

1997-йилдан бери АҚШдан Хитойга бу каби юқори даражали сиёсатчи бормаган. Ўшанда ҳам Вакиллар палатаси спикери Нют Гингрич сафар қилган.

Гингрич фикрича, Пекин асабийлашмоқда холос. «Ваҳимага ҳожат йўқ аслида», - дейди у, «Америка Овози» билан суҳбатда.

“Хитой ҳозир ўзига янаям ишонган, буюк мақсадлари сари интилаётган, позициясини аниқроқ айта оладиган давлат. Бундай пайтларда айниқса жим турмайди", - дейди Сяо.

Яқинда Хитой ва АҚШ президентлари телефон орқали гаплашиб, орадаги масалаларни муҳокама қилган. Оқ уйга кўра, давлатлар ўзаро манфаатлар йўлида бирга ишлайди.

Пелоси эса ташрифдан мақсад тинчликпарварлик ва демократия тарғиботи эканини қайд этади.