Ва албатта У Зот отилиб чиқадиган нутфадан эркак-аёл жуфтларни яратгандир. Нажм сураси, 45-46-оятлар
Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди. Сўнг ундан эркак ва аёл жуфтларни (пайдо) қилди. Қиёмат сураси, 37-39-оятлар
Тажрибалар асосида туғилажак боланинг жинси фақат отанинг манийси таркибидаги ҳужайраларга боғлиқ эканлиги, она организмининг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аниқланди.
Чақалоқнинг жинсини белгилаб берувчи омил - бу хромосомалардир. Боланинг ўғил ёки қиз бўлиши ота манийсидан она организмига Х ёки Y хромосомаларнинг қайси бири ўтишига боғлиқ бўлади.
Шак-шубҳа йўқки, йигирманчи асрнинг ўрталаригача, яъни генетика фани пайдо бўлгунига қадар, инсоният туғилажак чақалоқнинг пушти белгиланадиган бундай нозик ва мураккаб механизмлардан мутлақо бехабар эди. Аксинча, кўпгина жамиятларда боланинг жинси айнан она организмига боғлиқ деган хато фикр ҳумкрон эди. Тарихдан маълумки, кўпгина халқларда қиз туққан аёллар таҳқирланиб, ҳуқуқлари поймол қилиб келинган.
Қуръони Каримда эса, генетиканинг фан сифатида пайдо бўлиши ва ген тушунчасининг фанга кириб келишидан деярли ўн уч аср аввал бўлажак фарзанднинг ўғил ёки қиз бўлиши аёл эмас, балки айнан ота организмига, унинг маний таркибига боғлиқ бўлиши очиқ-ойдин баён қилиб берилган.