АҚШ президенти маъмурияти Россиянинг Украина ҳудудини шу ҳафтада оммавий ўққа тутганига жавобан Россия Федерациясининг "санкциялардан ҳимояланган" саноатига зарба бериши мумкин. Гап Россия алюминийини етказиб беришга тўлиқ тақиқ жорий этиш ҳақида бормоқда - бу маҳсулот Америка томони учун муҳимлиги туфайли узоқ вақт давомида чеклов чораларидан қочди. Бу ҳақида Bloomberg журналисти Дженнифер Джейкобс ўзининг Twitter саҳифасида ёзди.
«Байден маъмурияти автомобиллар ва осмонўпар бинолардан тортиб iPhone смартфонларигача бўлган ҳамма нарсадаги аҳамияти туфайли узоқ вақтдан бери санкциялардан ҳимояланган Россия алюминийини тўлиқ тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда» - дейилади хабарда.
Агентлик маълумотларига кўра, ҳозирда АҚШ расмийлари Россия алюминийига қарши санкциялар қўллашнинг учта сценарийсини кўриб чиқмоқда. Юқорида айтиб ўтилган тўлиқ эмбаргога қўшимча равишда, гап «Русал» компаниясига божларни ошириш ёки чекловлар қўйиш ҳақида ҳам бориши мумкин.
Bloomberg таҳлилчилари россиялик алюминийга қарши санкциялар бозорни жиддий равишда силкитиши мумкинлигини тан олишади, чунки бу металл харидорлари зудлик билан янги етказиб берувчиларни излашга мажбур бўлади. Шу билан бирга, ушбу металлнинг АҚШга умумий импортида Россия алюминийининг улуши 10% ни ташкил қилади.
Россия алюминий ишлаб чиқариш бўйича дунёда иккинчи ўринда туради, фақат Хитойдан кейин. Россия алюминийининг экспорт ҳажми йилига 3 млн тоннага баҳоланмоқда.