Риши Сунак 25 октябрь куни Букингем саройида қирол аудиенциясидан сўнг расман Буюк Британия Бош вазири бўлди.
Британия матбуотига кўра, Британия қироли Чарльз ІІІ собиқ молия вазири Риши Сунакдан ҳукумат тузишни сўраган.
Айтиш жоизки, Сунак мамлакат учун оғир даврда ҳокимият тепасига келди. У ва унинг ҳукумати олдида Буюк Британия Европа Иттифоқидан чиққандан кейин бошдан кечираётган иқтисодий инқирозни, коронавирус пандемияси ва ҳозирда Украинадаги урушни енгиб ўтиш вазифаси турибди.
Янги бош вазир ҳақида нималарни биламиз?
Риши Сунак, Консерватив партиянинг аъзоси, 2020 йил феврал ойида Молия вазири бўлди ва бир неча ҳафта ичида у пандемия ва блокировкалар шароитида Буюк Британия иқтисодиётини бошқаришга мажбур бўлди. Бу лавозимда у 2022 йилнинг 5 июлига қадар ишлаган.
42 ёшли Сунак ҳинд миллатига мансуб ва Британия парламентидаги энг бадавлат кишилардан бири ҳисобланади. Сунак Оксфордда ва АҚШда Стенфордда таҳсил олган. У ҳиндистонлик бадавлат тадбиркор Нараяна Мертининг қизига уйланган.
Эслатиб ўтамиз, 6 сентябрь куни Борис Джонсон истеъфога чиққанидан кейин Элизабет Трасс Буюк Британия бош вазири бўлди. Бироқ у Британия ҳукумати раҳбари лавозимида узоқ қолмади - атиги 44 кун, бу мамлакат тарихидаги энг қисқа давр ҳисобланади. 20 октябр куни у истеъфога чиқди.