Қўшма Штатлар "Эроннинг ёмон ниятдаги фаолиятига қарши туриш", жумладан, Россияга учувчисиз учиш аппаратлари етказиб беришда "санкциялар ва бошқа иқтисодий чоралар доирасидан ташқарига чиқадиган воситалардан" фойдаланишга тайёр. Бу ҳақида брифингда АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайс 28 октябрь, жума куни айтди.
"Биз Эроннинг учувчисиз учиш аппаратлари технологиясидан келиб чиқадиган таҳдидга эътиборимизни қаратганмиз ва шу нарсага эътибор қаратяпмиз", - деди Прайс ва Эрон дронлари аллақачон Сурия, Ироқда, Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги шерикларига, ҳозир эса Украинада Россияга қарши жойлаштирилганини қўшимча қилди.
"Биз охир-оқибат ўз манфаатимизга мос келадиган нарсани қиламиз, яъни Эрондан бутун дунё мамлакатлари ва ташкилотларига ушбу технология оқимини тўхтатишга эришамиз", - дея қўшимча қилди Рпайс қандай чоралар ҳақида гапираётганини аниқламай. "Биз ҳеч нарсани истисно қилмоқчи эмасмиз. Ва охир-оқибат, биз бу зарарли ҳаракатлардан келиб чиқадиган таҳдидни бартараф этиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз", - деди Прайс.
Давлат департаменти матбуот котиби АҚШ қарши курашмоқчи бўлган "Эроннинг ёмон ниятдаги ҳаракатлари" қаторида Теҳроннинг террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаши, Эрон ядро дастури ва баллистик ракеталарни ишлаб чиқишни ҳам тилга олди.
Россия ва Эрон дронларни етказиб берилганлигини рад этишмоқда
Июль ойида АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Джейк Салливан Вашингтонда Теҳроннинг Москвага бир неча юзтагача учувчисиз учиш аппаратлари етказиб бериш режалари ҳақида маълумот борлигини айтганди.
Октябрь ойида, Россия Украина фуқаролик инфратузилмасини фаол равишда ўққа тута бошлаганида, зарбаларнинг муҳим қисми камикадзе дронлари ёрдамида амалга оширилди. Россия булар маҳаллий "Герань" дронлари эканлигини таъкидламоқда, Эрон ҳам учувчисиз учиш аппаратлари етказиб берилишини рад этмоқда. Расмий Киев ва НАТО давлатлари аслида дронлар Эроннинг Shahed-136 эканлигини таъкидламоқда.