loader
Foto

Исломда аёлларнинг ҳуқуқи

 

Турли сабабларга кўра, аёллар масаласи Исломга қарши таъна тоши отишнинг асосий нишонларидан бирига айланиб қолган. Ҳатто баъзи мусулмон уламолар «Аёллар масаласи Ислом уммати кўксига санчилган заҳарли ханжар», деб айтишга мажбур бўлдилар. Бу масала бўйича кўплаб китоблар, мақолалар ёзилган, хутбалар, мавъизалар қилинган.

Албатта, бизнинг бу масалага ортиқча тўхташга имконимиз йўқ. Иккинчидан, Ислом, ўз таълимотларига хилоф қилиш оқибатида келиб чиққан нотўғри ҳолатга жавоб беришга мажбур ҳам эмас. Энг муҳими, Ислом ҳеч кимнинг ҳимоясига муҳтож ҳам эмас. Фақат, тушуна олмай турган кишиларга тушунганлар ёрдам бериши қабилида иш тутиш мумкин, холос. Шу маънода «Аёл киши ва тенг ҳуқуқлик» номли мақолада бу масалага мавзунинг сиёқига биноан бир оз изоҳ берилган эди. Энди эса, яна мавзунинг сиёқига биноан, баъзи бир масалаларни баён қилиб қўйиш фойдадан холи эмас, деб ўйлаймиз.

Исломдан олдин аёл киши нафақат ҳуқуқлари поймол қилинишига, балки инсонлик даражасидан маҳрум қилинишига маҳкум қилинган эди.

Мисол учун, Ислом дастлаб пайдо бўлган юрт ва замонда қиз бола туғилган оила мотам тутар ва кейинчалик ор-номус ва иқтисодий қийинчиликка сабаб бўлмасин деб, қизни тириклайин кўмиб юборилар эди.

Қуръони Карим бу одатларни қаттиқ қоралади ва ман қилди. Мусулмон оилаларда қиз туғилса, ўғил туғилгандан кўра кўпроқ хурсанд бўлиш жорий қилинди. Қизларни яхшилаб тарбия қилганларга, ўғил болаларни тарбия қилганларга нисбатан кўп ваъдалар қилинди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи ёки синглиси бўлсаю, У уларнинг хархашаларига, оғирликларию қийинликларга сабр қилса, Аллоҳ уни уларга кўрсатган раҳмати туфайли жаннатга киритур», дедилар.

Бир киши:

– Иккита бўлса-чи? Эй, Аллоҳнинг Расули? – деб сўради.

– Иккита бўлса ҳам, дедилар.

Бир киши:

– Биттта бўлса-чи? Эй, Аллоҳнинг Расули? – деб сўради.

– Битта бўлса ҳам, дедилар».

Қизларнинг тарбияси, таълими ва маданияти ҳамда, яшаб, ўсиши учун зарур ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарздир. Ота бу фарздан фақат қиз турмушга чиққандан кейингина озод бўлади. Чунки, энди бу фарз эрнинг зиммасига ўтган бўлади. Отаси ёки эри йўқ аёлнинг нафақаси ака ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахсларга вожиб бўлади. Умуман, Исломда аёл киши нафақасиз қолиши мумкин эмас. Қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга вожиб бўлади.

Ислом аёл кишига таълим олиш ва маданий савиясини ошириш ҳақини берди ва эркакларни бу ишга масъул қилди. Илм талаби эр-аёлга баробар фарзлиги, қизлари ва сингилларига таълим ва одоб берган киши жаннатга ҳақли бўлишини яхши биламиз. Аммо, ҳаммамиз ҳам ушбу иш чўри аёлларга ҳам тегишли эканини билмасак керак.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир кишининг ҳузурида жория бўлса-ю, у анга яхшилаб таълим берса, яхшилаб одоб берса ва сўнгра озод қилиб, унга ўзи уйланса унга икки ҳисса ажр бўлур», деганлар. Имом Бухорий ривоят қилган.

Демак, чўри қизга яхшилаб илм ва маданият ўргатишнинг ажри уни чўриликдан озод қилиш ажрига тенг экан.

Аввалги авлод мусулмон аёллари эрларидан, бошқа устозларидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оммавий дарс ва хутбаларидан олаётган илм-маърифатга қаноат ҳосил қилмай Пайғамбар алайҳиссаломдан аёллар учун алоҳида илм-маърифат мажлислари қилишни талаб қилганлар ва уларнинг бу талаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан дарҳол қондирилган.

Аёл киши фақат таълим олиш, дарс, хутба ва ваъз эшитишгагина ҳақли эмас, балки таълим бериш, дарс айтиш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиш ҳаққига ҳам эгадир.

Муслима аёллар илм, фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганликлари ҳаммага маълум. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун, мисол ҳам келтирайлик.

Шифо бинти Абдуллоҳ ал-Адавийя розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда у киши қуйидагиларни айтдилар:

«Ҳафсанинг олдида ўтирган эдим, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолиб менга: «Сен бунга худди ёзишни ўргатганингдек, намила дамини ҳам ўргатмайсанми?» – дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Олима аёллар вакиласи Оиша онамиз ҳадис ривоят қилиш бўйича иккинчи ўринда турадилар. Улкан саҳобийлар ўзлари билмаган нарсаларини, ҳал қила олмай қолган масалаларини Оиша онамиздан сўрар эдилар. Ўша вақтнинг шароитида бу нарсалар дунё миқёсида катта ўзгаришлар эди.

Муслима аёлнинг жамият, сиёсат ва шариат майдонларида ҳам керагича ўз улуши бўлган. Муслима аёлнинг тўғри фикрини, ҳақ овозини забардаст халифа ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам эшитган, қабул қилган.

Дунёга Умари Одил номи билан машҳур бўлган забардаст ҳалифа Умар ибн Хаттоб ўз даврларида маҳр миқдори ортиб кетганини мулоҳаза қилдилар. Бу ишни муолажа қилиш учун кўпчилик ичида хутба қилиб, маҳрни чеклаш мақсадида: «Огоҳ бўлинглар, аёлларнинг маҳрида ҳаддан ошманглар. Агар у бу дунёда икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, унга сизнинг энг ҳақлигингиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан бирортасига ўн икки увқиядан ортиқ маҳр бермаганлар, У зотнинг қизларининг бирортасига ҳам бундан ортиқ маҳр берилмаган», дедилар.

Шунда бир аёл ўрнидан туриб: «Эй Умар! Аллоҳ таоло:

«Ва у(аёл)лардан бирига қинтор–чексиз маҳр берсангиз ҳам, дейди-ю, сен бизга буни чегаралайсанми?!»–деди.

Хутбаси бу шаклда  кесилган халифа: «Аёл тўғри айтди, Умар хато қилди», деб ўз хатосини ҳамманинг олдида тан олдилар. Ўша жасур аёлнинг шарофати ила ҳозирги кунимизгача биров аёлларнинг маҳрини чегаралашга журъат қила олгани йўқ. Бундоқ иш аёл киши мўътабар бўлган жамиятдагина бўлиши мумкин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам 6-ҳижрий йилда 1400 саҳоба билан Мадийнадан Байтуллоҳнинг зиёрати учун борганларида мушриклар Ҳудайбия номли жойда йўлни тўсдилар.

Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлдилар. Пай-ғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига бу гапни эълон қилиб бўлиб, туринглар, шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар, дедилар. Саҳобалар норози бўлиб, бирорталари ҳам қимирламадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амрни уч марта қайта-қайта такрорласалар ҳам бирор киши қимир этиб қўймади.

У зот ғоят маҳзун бўлиб, чодирга, жуфти ҳалоллари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг ёнларига кирдилар. Бўлган воқеъани у кишига айтиб, ўтган умматлар ҳам шундоқ ишлар туфайли ҳалок бўлганлиги, шунинг учун ғоят ташвишда эканликларини қўшимча қилдилар.

Шунда Умму Салама розияллоҳу анҳо Пай-ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар қандай доно вазир ҳам бера олмайдиган маслаҳатни бердилар:

«Эй, Аллоҳнинг пайғамбари, айтган амрингиз бўлишини хоҳлайсизми? Ташқарига чиқинг. Улардан бирортасига бир калима ҳам сўз айтмай қурбонлик туяларингизни сўйинг. Сўнг сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин», дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, худди Умму Салама розияллоҳу анҳо айтганларидек қилдилар. Буни кўрган саҳобаи киромлар ҳам шошиб қурбонликларини сўйиб, сочларини олдира бошладилар.

Шундоқ қилиб бир муслима аёлнинг тадбири ила Ислом уммати ҳалокатдан қутулиб қолди. Аллоҳнинг пайғамбарига тўғри маслаҳат бера оладиган аёл фақатгина Ислом умматидан чиқиши мумкин.

Энди муслима аёлнинг нидосини Аллоҳ эшитиб, фикрини тасдиқлаганини ўрганиб чиқайлик. Исломдан олдин арабларда «зиҳор» деган нарса бор эди. Бунда эр хотинига, сен менга онамнинг белидек ҳаромсан, деса, абадий ярашиб бўлмайдиган талоқ тушар эди. Хотин эр учун унинг онасидек ҳисобланиб қолар эди.

Кунларнинг бирида Хавла бинти Саълаба исмли аёлни унинг эри Авс ибн Сомит зиҳор қилди. Сўнгра, Авс аччиғидан тушгач, надомат қилди ва хотинига, энди сен менга ҳаром бўлган бўлсанг керак, деди. Хавла бўлса, Аллоҳга қасамки, бу талоқ эмас, деди-да, қўшни аёлнинг кийимини қарзга олиб, бу масала ҳукмини ойдинлаштириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўл олди. У зотнинг олдиларига келиб:

–Эй, Аллоҳнинг Расули, эрим Авс ибн Сомит ёш, бой ва ақлу ҳушлик пайтимда менга уйланди. Молимни еб битирди, ёшлигимни барбод қилди, ақлимни суслатди ва ёшим улуғ бўлган бир дамда мендан зиҳор қилди. Энди ўзи бу зиҳордан афсус-надоматда. Бизларнинг яна қайта қўшилишимизга бирор йўл борми?–деди.

–Унга ҳаром бўлибсан,–дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.

–Сизга Қуръонни туширган Зот билан қасамки, у талоқни зикр қилгани йўқ. У менинг боламнинг отаси, энг севимли кишим-ку, ахир?!–деди Хавла.

–Унга ҳаром бўлибсан.–дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.

–Мушкулимни ва ёлғизлигимни Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан, мен эрим билан узоқ ҳаёт кечирдим, ундан фарзандлар кўрдим,–деди Хавла.

–Унга ҳаром бўлибсан,–дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва «Сенинг тўғрингда бирор амр келгани йўқ», деб қўшиб қўйдилар.

Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳо бўлса тинмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тортишаверди.

Қачон У зот алайҳиссалом, «Сен унга ҳаром бўлибсан», десалар, Хавла, «Мушкулимни, ёлғизлигимни ва ҳолимнинг оғирлигини Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан», дер эди.

Ушбу тортишув чоғида Хавла бинти Саълаба:

–Ахир, менинг ёш болаларим бор, мен билан бўлсалар, оч қоладилар, у билан бўлсалар, зоеъ бўладилар, дер ва бошини осмонга кўтариб:

–Эй бор Худоё! Ўзингга ёлбораман. Эй бор Худоё! Пайғамбарнинг тилига менинг мушкулимни осон қилувчи нарсани тушир», дер эди.

Бирдан Пайғамбар алайҳиссалом жим бўлиб қолдилар. Ваҳий тушганда бўладиган ҳолат юзага келди. Бир муддатдан кейин у киши муборак бошларини кўтардилар-да:

«Аллоҳ таоло сен ва сенинг эринг ҳақида оят туширди», дедилар ва, қуйидагича бошланадиган оятларни тиловат қилдилар:

«Албатта, Аллоҳ сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Ва хоҳлангки, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувларингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир» («Мужодала» сураси, 1-оят).

Бу оятларда жоҳилиятнинг зиҳор ҳукми ботил қилинган, зиҳор қилган эр каффорот бериб хотини билан ярашса мумкинлиги баён қилинган эди. Мана, ўн тўрт асрки, ўша оятлар Қуръон сифатида ўқилмоқда, уларга шариат–қонун сифатида амал қилинмоқда. Қиёматгача шундоқ бўлиши шубҳасиз. Оддий бир аёлнинг нидоси Аллоҳ таолога етиб бориши, унинг фикрига, талабига мос Қуръон оятлари тушиши аёл зотининг ҳурмати, эътибори эмасми?! Қайси тузумда, қайси дастурда шунга ўхшаш нарса бор. Зар қадрини заргар билади, деганларидек Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳонинг қадрини ҳам ҳамасрлари яхши билганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз халифалик даврларида бир гуруҳ кишилар билан кетаётган эканлар, бир аёл у кишини узоқ тўхтатиб қолибди. Ваъз, насиҳат қилибди.

«Эй Умар,–дебди аёл,–яқиндагина Умарча, деб аталардинг, улғайганингдан сўнг, эй Умар, деб аталадиган бўлдинг. Энди эса, эй, амирал мўминин, деб аталмоқдасан. Аллоҳдан қўрққин! Эй Умар! Ким ўлимга ишонса, умрини бекорга ўтказишдан қўрқади, ким ҳисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади, деб яна сўзини давом эттираверибди аёл.

Ҳазрати Умар бўлсалар, жим қулоқ солиб тураверибдилар. Атрофидагилар у кишига: «Эй, мўминларнинг амири! Бир кампирга ҳам шунчалик тўхтаб турасизми?»–дейишганда, ҳазрати Умар уларга жавобан: «Аллоҳга қасамки, у куннинг аввалидан охиригача ушлаб турса ҳам, фарз намоз вақтидан бошқа вақтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи? Бу Хавла бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан эшитган. Оламларнинг Роббиси унинг сўзини эшитади-ю, Умар эшитмасмиди?!»–деганлар.

Ҳа, ўз сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан туриб эшитадиган, фикрини қабул қилиб, истагини шариат қилиб қиёматгача юритиб қўядиган аёлларни фақат Исломгина етиштира олади. Оламга донғи кетган, ҳар қандай ботир ҳам номини эшитганда титроққа тушадиган забардаст ҳалифани кўчада тўхтатиб олиб хоҳлаганича насиҳат қила оладиган аёлни ҳам фақат Ислом етиштиради, холос.

Ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, уларнинг аёллик латофатларини сақлаб қолишлари учун, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамиятларига, ватанларига, динларига керакли хизматни адо этишлари учун барча шароитни яратиб берган.

Ислом эркакларга мос бўлган оғир ишларни аёлларга фарз қилмаган, лекин аёлларга хос баъзи ишларни эркакларга хос ишлар ила тенглаштириб, уларнинг эркаклар билан тенг ажр олишларини жорий қилган. Мисол учун, аёлларнинг туғишдаги қийноқларини эркакларнинг душманга қарши жиҳодларига тенглаштирилган. Бу маънолар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан муслима аёллар шарофати ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баён қилинган.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Асмаъ бинти Зайд ал-Ансорийя розиаллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, мен ортимдаги муслима аёллар жамоасининг элчисиман. Улар менинг сўзимни айтадилар ва менинг фикримга ўхшаш фикрдалар: Албатта, Аллоҳ сизни эркак ва аёлларга юборган. Биз сизга иймон келтирдик ва эргашдик. Биз–аёллар жамоаси, тутилиб, ўралиб, уйда ўтириб қолганмиз. Эркакларнинг шаҳват мавзеъси, болаларингизнинг кўтарувчиларимиз. Эркаклар жамоат ва жанозага ҳозир бўлиш ила афзал қилиндилар. Қачон улар жиҳодга чиқсалар, уларнинг молларини муҳофаза қиламиз, болаларини тарбия қиламиз, уларга ажрда шерик бўламизми?!»–деди.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак юзларини ўз саҳобаларига ўгириб қарадилар-да:

–Ўз дини ҳақида ушбу аёлдан кўра яхшироқ савол берган аёлнинг гапини эшитганмисизлар?–дедилар.

–Йўқ, эй, Аллоҳнинг Расули,–дейишди улар.

–Эй Асмаъ, қайтиб бориб, ортингдаги аёлларга билдирки, албатта, сизнинг бирингизнинг яхши эр тутиши, унинг розилигини исташи, мувофиқ бўлганига эргашиши сен зикр қилган нарсаларга тенг келади,–дедилар.

Асмаъ ўзига Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсалардан севинганидан «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб қайтиб кетди».

Исломий нуқтаи назардан бола тарбияси, келажак авлодни кўнгилдагидек қилиб етиштириш, оила мустаҳкамлиги аёлларнинг кўчага чиқиб ўзига мос бўлмаган ишларни қилиб, тўрт-беш танга пул топганидан, аскарлик қилганидан ёки асфальт ётқизганидан афзал ҳисобланади.

Ислом шариати ҳукми бўйича, муслима аёл бошқаларга сиёсий бошпана бериш ҳаққига ҳам эгадир.

Макка фатҳи куни Умму Ҳониъ бинти Абу Толиб бир душман мушрикни ўз ҳимоясига олиб, бошпана берган. Кейин укалари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу буни билиб қолиб, ўша душман мушрикни ўлдирмоқчи бўлганлар. Шунда Умму Ҳониъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган гапни айт-ганида, У зот алайҳиссалом:

«Эй, Умму Ҳониъ, кимни ҳимоянгга олган бўлсанг, биз ҳам уни ўз ҳимоямизга олдик. Кимга омонлик берган бўлсанг, биз ҳам унга омонлик бердик», деганлар.

Абу Довуд ривоят қилган.

Исломдан олдин аёл киши меросдан мутлақо маҳрум қилинар, эри ўлганда эса аёлни мерос тариқасида эрнинг қариндошларидан бири олар эди. Кейин, хоҳласа, ўзи хотин қилар, хоҳласа, бош-қага эрга бериб, маҳрини ўзи олар эди. Ислом бу золим ҳукмларни ботил этиб, аёл кишининг ҳам меросдан насибаси борлигини эълон қилди.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

«Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин – фарз қилинган насибадир», деган (7-оят).

Исломда давлат раҳбарини сайлаш, унга итоатни эълон қилишни «байъат» дейилади. Бу энг муҳим сиёсий ҳақ эканлиги ҳаммага маълум. Қуръони Каримда эркаклар билан бир қаторда аёлларга ҳам байъат қилиш ҳуқуқи берилган.

Аллоҳ таоло «Мумтаҳана» сурасида:

«Эй Пайғамбар, агар мўминалар сенга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, болаларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга яхшилик ишда исён қилмасликка байъат қилиб келсалар, бас, уларнинг байъатини қабул қил. Ва Аллоҳдан уларни мағфират қилишини сўра. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимлидир», деган (12-оят).

Энди, аёл кишининг ишлаши ҳақида икки оғиз гаплашайлик. Аввало, эркак бўлсин, аёл бўлсин, нима учун ишлайди, деган саволни берайлик. Албатта, тирикчилик қилиш учун, яхши маийшат ўтказиш учун, деган жавобни оламиз. Ундоқ бўлса, тирикчилиги ўтиб турган, маийшати етарли бўлиб турган аёл кишининг болаларини, оиласини ташлаб қўйиб, кўчага чиқиб ўзига мос бўлмаган ишни қилишига нима ҳожат бор? Баъзилар «Аёл киши ўз меҳнати ила жамияти тараққиётига ҳисса қў-шиши керак эмасми», дейиши мумкин. Уларга «Эртаю кеч далада эзилиб меҳнат қилган, пахта териб заҳарланган, боласини эмизадиган сутидан заҳар чиқадиган аёл жамият учун фойдалими ёки мазкур оғир ишларни эрига қўйиб, жамият учун керакли фарзандларни яхшилаб тарбиялаб ўстирган, оиласини мустаҳкам қилган аёл жамият учун фойдалими?» деган қарши савол берилади.

Шу билан бирга, Исломда жамиятга зарур бў-либ қолганда, эркаклар уддасидан чиқа олмай қол-ганларидагина аёлларни ҳам ишга таклиф қилиш, ҳатто урушда қатнаштириш ҳам борлиги эслатиб ўтилади.

Исломда аёлларни туғилганларидан умрларининг охиригача керакли маийшат билан таъминлаш эркаклар зиммасига юклатилгани, шунингдек, жамият учун керакли оғир ишларни бажариш ҳам эркакларга юклатилгани учун, аёлларни ҳурматлаб, уларга ишлаш масъулияти юклатилмаган.

Бундан кейин аёлларнинг заруратсиз ишлашларининг яна бир сабаби қолади. У ҳам бўлса, иш баҳонаси билан оила доирасида қила олмай юрган ҳаром-хариш ишларини қилиш ёки оддий кўнгил хуши учун бўлади.

Исломда ҳаром-хариш ишлар мутлақо ҳаром қилингани ҳаммага маълум. Кўнгил хушини эса ишлаб туриб қилгандан ишламай қилганлари аёлларнинг ўзи учун яхши бўлса керак.

Яна бир бор таъкидлаш лозимки, Исломда аёл кишининг ишлаши ман қилинмаган, балки бу масала аёл кишининг, унинг оиласининг, жамиятининг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинган.

Ёш болаларнинг тарбия ва таълим ишлари аёлларнинг иши ҳисобланади. Хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш аёлларнинг иши ҳисобланади.

Мутақаддим Ҳанафий фақиҳлардан Камолиддин ибн ал-Ҳумам: «Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри (ишга) чиқишидан ман қила олмайди», деганлар.

Шунингдек, аёл киши эрининг ишида ёрдамчи бўлиши, оиласи муҳтож бўлганда ҳалол йўл билан, ҳалол меҳнат қилиши жоиз. Яъни, ўзи хоҳласа, ишлайди, бўлмаса, биров уни мажбур қила олмайди. Баъзи уламоларимиз: нодир қобилиятга эга бўлиб, жамиятга фойдаси кўп бўлган аёллар ҳам ишлашлари тавсия қилинади, деганлар.

Қолган пайтларда аёл кишини ишлашга мажбур қилиш йўқ. Уни турли йўллар билан ташвиқот қилиб, арзон иш кучи сифатида эзишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёл-қизларни тонг саҳарда далага ҳайдаб кетиб, хоҳлаганича ишлатиб, тун қоронғусида қайтариб олиб келишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёлларни ўзларига мос бўлмаган ишларда ишлатиб уларнинг аёллик латофати ва оналик қобилиятига футур етказишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ