loader
Foto

Кремлнинг Беларусни қўшиб олишга қаратилган узоқ муддатли режаси Қозоғистонни хавотирга солмоқда

Қозоғистондаги сергак кузатувчилар мамлакат Москванинг навбатдаги нишонига айланиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда, зеро Путин бу республикадан Россия иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун фойдаланмоқда.

Россия президенти Владимир Путин маъмурияти томонидан Беларусни 2030 йилгача Россия таркибига қўшиб олиш бўйича ишлаб чиқилган режа ошкор бўлар экан, Қозоғистон Кремлнинг навбатдаги нишонига айланиши мумкинлигидан хавотирлар пайдо бўлган.

«Россия Федерациясининг Беларусдаги стратегик мақсадлари» деб номланган стратегик ҳужжат феврал ойида Кремлда кимдир тарафидан матбуотга сиздирилган, деб хабар беради сургундаги россиялик олигарх Михаил Ходорковскийнинг лойиҳаси бўлмиш «Досье» маркази.

Таҳлилчиларга кўра, «Досье» маркази ва бир қатор Ғарб оммавий ахборот воситалари танишиб чиққан ҳужжат Путин маъмурияти томонидан Россия ташқи разведка хизмати, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ва Бош штаб билан биргаликда ишлаб чиқилган.

Ушбу стратегик режада Беларус Украинадан кейин Россияга мажбуран қўшиб олинадиган кейинги давлат бўлиши кўзда тутилган.

Бунинг учун Кремл Беларус қонунларини Россия қонунларига мослаштириш, Беларус ташқи сиёсатини Россия манфаатларидан келиб чиқиб шакллантириш, Беларусда Россиянинг ҳарбий иштирокини кучайтириш, рус тилининг беларус тилидан устунлигини таъминлаш ва беларусларга Россия фуқаролигини бериш ниятида, деб ёзади «Досье» маркази.

2021 йилда ишлаб чиқилган ҳужжатга кўра, Россия ҳукумати бу мақсадларга 2030 йилгача эришмоқчи.

Иттифоқчи давлат

1999 йилда ташкил топган, Россия ва Белоруссиядан иборат давлат усти тузилмаси – иттифоқчи давлат тушунчаси Россия стратегиясида катта рол ўйнайди.

Кремл бу тузилмадан иқтисодий алоқаларни кучайтириш ҳамда Беларуснинг ҳарбий ва сиёсий соҳасини назорат қилиш учун фойдаланмоқчи.

Ўз навбатида, Россия разведкасига «миллатчи ва ғарбпараст» кучларнинг таъсирини чеклаш, Беларус конституциясини Россия манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ислоҳ қилиш, ҳарбий-сиёсий элита ҳамда кенг жамоатчилик орасида россияпараст кайфиятни кучайтириш вазифалари юклатилган, деб ёзади «Досье» маркази.

Кремлнинг стратегиясида 2030 йилга бориб Беларусдаги Россия оммавий ахборот воситалари сонини кўпайтириш ва аҳолига Россия ташвиқоти таъсирини кучайтириш орқали Беларуснинг медиа макони устидан назорат ўрнатиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Путин маъмурияти Беларуснинг сиёсий ва ҳарбий элитасига «россияпараст таъсир гуруҳларини» сингдиришни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, «интеграциядан манфаатдор россияликлар қатламини ва Россия бозорига йўналтирилган бизнес ҳамжамиятини шакллантириш мақсадида Беларус фуқароларига Россия паспортларини беришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади», дейилади ҳужжатда.

«Паспортлаштириш» Кремлнинг собиқ совет республикалари сиёсатига аралашишнинг энг севимли усулларидан биридир.

«Бу [сиёсат] уларга ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аралашишга баҳона бўлади», дейди беларуслик мухолифат сиёсатчиси Анатолий Лебедко «Досье» марказига берган интервьюсида.

У Абхазия, Жанубий Осетия ва шарқий Украинада Россия манфаатларини ёйиш мақсадида ушбу ҳудудлар аҳолисига рус паспортларини бериш бўйича шу каби ҳаракатларни мисол қилиб келтирди. Абхазия ва Жанубий Осетия Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Грузия ҳудудлари ҳудудларидир.

«Керак бўлганда, улар [Россия расмийлари] ўз ватандошларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида бостириб кириш йўлидан фойдаланиши мумкин», деди Лебедко.

Россиялик сиёсий технологлар таълим каби «юмшоқ куч» воситаларини ҳам фаол қўллаш ниятида.

Москва ўз стратегияси доирасида Беларусда россиялик ўқувчилар ўрта мактабни битириш ва университетларга кириш учун топширадиган Ягона давлат имтиҳонини топшириш бўйича тест марказлари очишни режалаштирмоқда.

Россия Беларуснинг Могилев, Гродно ва Витебск шаҳарларида фан ва маданият марказларини ҳам очади.

Катта эҳтимол билан, булар кўпинча Россия разведкачилар ва таъсир агентлари учун бошпана вазифасини ўтайдиган, Россиянинг юмшоқ куч сиёсатини қўллаш учун ташкил этилган «Россотрудничество» агентлигининг шохобчалари бўлади.

Путиннинг геосиёсий амбициялари билан озиқланган Кремл стратегияси «Буюк Россияни» яратишга қаратилган – бу мақсадни Путин ҳеч қачон яширмаган, дейди таҳлилчилар.

Кремлнинг якуний мақсади Беларусни Россия таркибига қўшиб олиш, деди АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги (ЕХҲТ) элчиси Майкл Карпентер 20 феврал куни Yahoo News билан суҳбатда.

«Россиянинг Беларусга нисбатан мақсадлари Украинадаги билан бир хил. Фақат Беларусда у урушга эмас, мажбурлашга таянади», деди у.

Эстония ташқи разведка хизматининг собиқ раҳбари Райнер Сакс Россия ўз мақсадларига кутилганидан анча тезроқ эриша олади, деб гумон қилмоқда.

«Нега бу мақсад 2030 йилгача қўйилгани мен учун ажабланарли. Нима учун Россия бунчалик узоқ кутиши керак?» деб айтган у Yahoo News хабарига кўра.

Қозоғистондаги хавотирлар

Кремлнинг Беларусни қўшиб олиш стратегияси ҳақидаги хабар қўшни Қозоғистондаги кузатувчиларнинг хавотирини янада кучайтирган.

Қозоғистон ҳам Россия томонидан худди шундай таҳдидга дуч келмоқда, дейди ЕХҲТ маслаҳатчиси, олмаоталик сиёсий таҳлилчи Димаш Алжанов Карвонсарой нашрига.

«Таҳдид фақат кенг қамровли ҳужум кўринишида бўлади, деб ўйламаслик керак. Аксинча, агар Россия армияси Украинада тор-мор қилинса, унинг Қозоғистондаги таъсир доираси секин-аста кенгайиши мумкин», деб айтган у.

Путин айни вақтда ўз иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш, Ғарб санкциялари ва Россиянинг иҳоталанишини четлаб ўтиш учун Қозоғистондан фойдаланмоқда, дейди у.

Бу мақсадларга эришиш учун Москва ўзи раҳбарлик қиладиган, Қозоғистон ва бошқа бир қатор постсовет мамлакатлари аъзо бўлган Евроосиё иқтисоди иттифоқи (ЕООИ) ташкилотига таянади, деб таъкидлаган Алжанов.

Бу фонда янги хатар юзага келади: Қозоғистон иқтисодиётида бевосита ёки сохта компаниялар ва шахслар орқали Россиянинг ҳозирлиги ортмоқда, дейди у.

«Иқтисодиёт ва капитал ҳаракатининг шаффоф эмаслиги бу жараёнларни аниқ кузатишга имкон бермайди, бироқ тенденция аниқ: инфратузилма объектларини сотиб олишдан тортиб, табиий газ ва молия институтлари бўйича янги келишувларгача», деди Алжанов.

2020 йилда Қозоғистон ва Россия мудофаа вазирлари янгиланган ҳарбий ҳамкорлик келишувини имзолаган, унда бошқа чоралар билан бир қаторда қозоғистонлик разведка зобитлари Россияда ҳарбий тайёргарликдан ўтиши кераклиги таъкидланади, деб қўшимча қилди у.

«Россияни Қозоғистонга яқинлаштириш Россияга ўз таъсирини кучайтириш бўйича (Беларусдаги каби) стратегияни режалаштириб, амалга ошириш учун шароит яратади, деб хулоса қилишимиз мумкин», дейди Алижанов.

Россиянинг Қозоғистонга нисбатан ҳарбий тажовуз таҳдиди реал, дейди бошқа кузатувчилар.

Россия Қозоғистон устидан назоратни кучайтириш учун унинг ички ишларига куч билан аралашишга уриниши мумкинлиги эҳтимолдан ҳоли эмас, деди Остонадаги блогер Ерлан Исмоилов.

«Улар бунга узоқ муддатдан бери тайёрланиб келаётган эдилар. Масалан, улар худди Украинада биринчи босқичда бўлганидек, Қозоғистонда сохта русофобия муаммосини яратдилар», деб айтган Исмаилов Карвонсаройга.

«Россиядек тажовузкор қўшни билан огоҳликни йўқотмаслигимиз керак».