loader
Foto

АҚШдаги мактаблар Рамазон ҳайитини расмий байрамга айлантирди

Америкалик мусулмон Саладин Мақсут болалигида Рамазон ойининг тугашини оиласи билан нишонлаш учун Рамазон ҳайити кунларида мактабни ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Ҳозирда Америка-Ислом муносабатлари кенгашининг (CАИР) Ню-Жерси бўлими директори сифатида Мақсут мусулмон болаларига диний байрамлар ҳуқуқи учун курашда ёрдам бермоқда.

Ню-Жерси штати ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ўнлаб давлат мактаблари Рамазон ҳайитини расман дам олиш куни деб тан олди, деб ёзади Ал-Жазеера телеканали.

Бу мактабларда мусулмон болалар энди муҳим диний сана ёки мактабдаги чиқиш ўртасида танлов қилишлари шарт эмас, дейди Мақсут. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг саъй-ҳаракатлари билан ислом байрамларини мактаб тақвимига киритиш тенденцияси давом этади. “Талабалар бемалол масжидга бориб намоз ўқиши, оиласи билан бирга бўлиб, бу кундан завқ олиши, эртаси куни эса имтиҳон ва синовлардан ўтказиб юбормаганига ишонч билан мактабга қайтиши мумкин”, — деди ҳуқуқ фаоли.