Шавкат Мирзиёев Қўшма Штатларда яшаётган ва ишлаётган бир гуруҳ ватандошлар билан учрашди.
Хорижда тажриба орттирган юқори малакали мутахассислар Ўзбекистонга қайтиб келиши ва Янги Ўзбекистонни барпо этишда иштирок эта олишлари учун барча шароитни яратилиши керак. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
АҚШга амалий ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Қўшма Штатларда яшаётган ва ишлаётган бир гуруҳ ватандошлар ҳамда ушбу мамлакатнинг етакчи олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан учрашди.
Давлат раҳбари ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан, хорижда ўзбек тили курсларини ташкил этишга кенг кўмаклашиши, ватандошлар Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларини зиёрат қилиши учун махсус туризм хизматлари тўпламларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
“Биз таълим, тиббиёт, иқтисодиётда олиб бораётган янгиланишлар натижасини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида ҳис қилиши керак. Сизлардек хорижда ўқиган, йирик компанияларда ишлаб, тажриба орттирган юқори малакали мутахассислар ҳам юртимизга қайтиб келиши ва бутун салоҳияти билан Янги Ўзбекистонни барпо этишда иштирок эта олишлари учун барча шароитни яратишимиз керак. Бугун шу ердаги ҳар бир ўзбекистонликда кучли Ватан ҳисси ва унинг ривожига ҳисса қўшиш иштиёқини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Сизларни Ўзбекистонда кутиб қоламиз", - деди президент
Катта компанияларда ишлаётган ва нуфузли олий таълим даргоҳларида ўқиётган ватандошлар ўз фикр ва таклифларини билдирди. Жамият ҳаёти ва иқтисодиётнинг турли масалалари юзасидан фикр алмашилди.