loader
Foto

Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитида қандай таклифларни илгари сурди?

Ўзбекистон президенти ўз нутқида бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган замонда тили, дини ва юраклари бир-бирига чамбарчас боғланган туркий халқларнинг овози дунё бўйлаб янада баланд, янада кучлироқ янграётганини таъкидлади.

Амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, Венгрия бош вазири Виктор Орбан, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамадов, шунингдек, ТДТ бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, ТДТ доирасидаги кўп қиррали муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон президенти ўз нутқида бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган замонда тили, дини ва юраклари бир-бирига чамбарчас боғланган туркий халқларнинг овози дунё бўйлаб янада баланд, янада кучлироқ янграётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, давлат раҳбари глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келаётгани, халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш ҳолатлари кўпайиб бораётганини кўрсатиб ўтди.

Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан ҳамкорлиги хусусида сўз юритар экан, давлат раҳбари Ўзбекистон Ташкилотнинг барча аъзолари билан стратегик шериклик алоқаларини ўрнатганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ва узоқ муддатли алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон президенти қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилиб, ушбу молия муассасасини Тошкент шаҳрида жойлаштириш таклифи билдирилди.

Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган амалий ишларни тўлиқ маъқуллаб, Ўзбекистон президенти марказ имкониятларидан савдо тўсиқларини бартараф этиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтириш бўйича янги механизмларни кенг жорий қилиш, электрон савдо платформаларини ривожлантиришда унумли фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди.

Глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалалари долзарб экани таъкидланди. Шу маънода, давлат раҳбари Ўрта коридор салоҳиятини кенгайтириш, қўшимча кўп тармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига мамлакатлар орқали ўтадиган йўлакларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштириш чора-тадбирларини қўллаб-қувватлади.

Ташкилотнинг Темир йўл идоралари кенгашини таъсис этиш ва бу тузилманинг дирекциясини Ўзбекистонда жойлаштириш таклиф этилди.

Экология соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида вазирлар даражасида доимий фаолият кўрсатадиган Туркий  экология форумини тузиш ташаббуси илгари сурилди.

Ўзбекистон етакчиси ижодий фикрлайдиган, истеъдодли ва шижоатли ёшлар истиқболда туркий дунёнинг янги Ренессансини барпо этишига ишонч билдирди. Янгиликка интилиб яшайдиган, ташаббускор ўғил-қизларни рағбатлантириш учун Ўзбекистонда Туркий дунё креатив ёшлари марказини очиш таклиф қилинди.

Жадидларнинг илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш муҳимлигини қайд этиб, Ўзбекистон президенти ТДТ мамлакатлари вакилларини жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро анжуманда фаол иштирок этишга таклиф этди.

Ўзбекистон раҳбари иштирокчилар эътиборини Афғонистон халқига қаратди. Мирзиёев афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик, бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган аниқ механизмларни ишлаб чиқишга чақирди.

Мажлисда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Венгрия, Туркманистон делегациялари раҳбарлари, ташкилот бош котиби ҳам сўзга чиқди.

Саммит якунида ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор битим ва қарорлар қабул қилинди. Ташкилотга раислик Қозоғистонга ўтди.