loader
Foto

Антисемитизм ва антисионизм ўртасида қандай фарқ бор?

Бу атамалар нимани англатади?

Антисемитизм яҳудий халқига қарши салбий кайфият ва тушунчалар йиғиндиси бўлиб, асрлар давомида мавжуд бўлган.

Антисионизм Исроил давлатининг мавжудлигини ҳазм қила олмаслик, унга муҳолифликдир.



Антисемитизм нима?

Яҳудий халқи асрлар давомида ўзларига қарши салбий кайфият, қараш ва тушунчалардан азият чекиб келган.

Иккинчи Жаҳон уруши мобайнида олти миллион яҳудий нацистлар ва уларнинг иттифоқчилари қўлида ҳалок бўлган. Бу ҳодиса тарихга холокост номи билан кирди.

Бугунги замонавий антисемитизм турли шаклларда намоён бўлади. Жумладан, глобал молия ва медианинг яҳудийлар назорати остида эканлиги ҳақидаги фитна назариялари, синагогларга ҳужумлар, яҳудийлар ҳақида ҳақорат ва нафрат нутқлари, ижтимоий тармоқлардаги таҳқирловчи мемлар антисемитизмнинг намоён бўлиш шаклларидир.

Исроил ҳақида турлича қарашдаги одамлар бирор фикр ёки изоҳнинг антисемитик экани ёки йўқлиги борасида келишмаслиги мумкин. Кўпинча, бу каби тортишувлар Исроил ва "Сионизм" атамасига уланиб кетади.



Сионизм нима?

Сионизм сиёсий ҳаракат ўлароқ 19-аср охирларида Европада пайдо бўлган. Бу ҳаракат яҳудийлар қадимги Исроил тупроғи деб биладиган, бошқалар эса Фаластин деб атайдиган ҳудудда яҳудий миллий давлатини қуришга интилган.

БМТ Фаластин ҳудудини иккига бўлиб, у ерда яҳудий ва араб давлатларини ташкил этишни тавсия қилган эди. Шу билан 1948 йили Исроил давлати ташкил топгани эълон қилинди.

Бироқ Фаластин ва унинг атрофида яшовчи аксар араблар Исроилнинг ташкил этилишига қарши чиқди ва буни араблар ҳуқуқини тан олмаслик деб ҳисоблашди.

Ҳозирги вақтда сионистик ҳаракат тарафдорлари Исроилни ҳимоя қилиш ва ривожлантиришни асосий мақсад деб билади.

Сионизмнинг ҳам турлари бор - масалан, айрим сионистлар Исроил ҳозирги ҳудудидан ташқаридаги баъзи ҳудудларга ҳам ҳақдор деб ишонади. Бошқа сионистлар эса бунга қўшилмайди.

Аксарият яҳудийлар сионистдир. Аммо айрим кам сонли яҳудийлар диний ёки сиёсий сабабга кўра, сионизмни хушламайди.

Яҳудий бўлмаганлар ҳам сионист бўлиши мумкин.



Антисионизм нима?

Антисионизмни умумий шаклда Исроилнинг мавжудлигига қаршилик деб таърифлаш мумкин.

Исроил ҳукумати сиёсатини, масалан, Ғарбий Соҳил ишғолини, унинг атрофида хавфсизлик важини келтириб, тўсиқлар қурилишини ва яҳудий манзилгоҳлари ташкил этилишини танқид қилувчилар бор. Улар ҳам сионизм танқидчилари саналади.

Айрим вазиятларда одамлар Исроилни шундай танқид қиладики, бу танқид ортида антисемитизм турибдими ёки йўқлигини билиб олиш қийин.

Бунинг натижасида антисионизм - Исроил давлати мавжудлигига қаршилик антисемитизмнинг замонавий шакли деган айбловлар ҳам айтилмоқда. Холокостни ёд этиш халқаро альянси Исроилга йўналган айрим танқидларни антисемитизм деб атайди.

Бу фикрга қўшилмайдиганлар эса бу айблов Исроилни асосли танқид қиладиганларни ирқчиликда айблаб овозини ўчириш воситаси деб ҳисоблайдилар.

Айримлар "Сионизм" яҳудий халқига ҳужум учун бир баҳона десалар, бошқалар антисионизмни антисемитизм билан айнанлаштириш Исроил ҳукумати ва унинг қўлловчилари учун танқиддан ҳимояланиш йўлидир дейдилар.