Ҳарбий ва сиёсий даҳоси билан номини турк ва жаҳон тарихига олтин ҳарфлар билан ёздирган Мустафо Камол Отатурк 1938-йил 10-ноябр куни соат 09:05да Истанбулдаги Долмабаҳче саройида вафот этди.
Туркия Республикасининг асосчиси Мустафо Камол Отатурк вафотининг 85 йиллиги муносабати билан бутун мамлакатда, Шимолий Кипр Турк Республикасида ва хориждаги Туркия элчихоналарида маросим ва тадбирлар билан ёдга олинди.
Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш пойтахт Анқарада Отатуркнинг қабри жойлашган Аниткабирдаги расмий маросим ва президент саройида бўлиб ўтадиган тадбирда иштирок этади.
Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш Туркия Республикасининг асосчиси Мустафо Камол Отатурк вафотининг 85 йиллиги муносабати билан баёнот берди.
"Туркия Буюк Миллат Мажлисининг биринчи Президенти ва Республикамиз асосчиси Ғозий Мустафо Камол Отатуркни вафотининг 85 йиллиги муносабати билан ҳурмат билан ёдга оламиз! Руҳлари шод бўлсин! Жонини фидо қилган барча шаҳидларимизни ҳурмат билан ёдга оламиз. Жонажон юртимиз ва барча фахрийларимиз обод бўлиб, тинч-омон бўлсин!”,-деди Нуман Куртулмуш ўз баёнотида.
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан ижтимоий тармоқ орқали Отатуркни ёдга олди.
"Шу муносабат билан миллий ташқи сиёсатимиз билан мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлаш борасидаги қат’иятимизни яна бир бор таъкидлаб, Мустақиллик урушининг барча қаҳрамонларини, айниқса, Ғозий Мустафо Камолни ҳурмат билан ёдга оламан”,-деди Ҳакан Фидан.
Дин Ишлари Бошқармаси ҳам улуғ етакчи Мустафо Камол Отатуркни вафотининг 85 йиллиги муносабати билан ёдга олди.
Президент администрацияси томонидан 10-ноябр Отатуркни хотирлаш куни муносабати билан берилган баёнотда 100 йиллиги нишонланган Туркия Республикаси асосчиси Ғозий Мустафо Камол Отатуркни вафотининг 85 йиллигида ҳурмат билан ёдга олингани таъкидланди.
"Бизга буюк фидойилик билан ишониб топширилган жаннатмакон Ватанимиз, унинг қадриятларини мустаҳкамлаш, келажакка олиб боришни қаҳрамон аждодларимизга, шонли тарихимизга садоқат бурчимиз, деб биламиз. Бугунги бурчимиз маданий қадриятларимизни тиклаш, давлатимиз бардавомлиги ва миллатимиз фаровонлиги йўлида бор кучимизни ишга солиш, аждодларимиз мусаффолигини асраб-авайлаш, унинг меросини келажакка олиб боришдир”,-дейилади баёнотда.